Жаҳон | 15:15 / 09.01.2020
38164
4 дақиқада ўқилади

Саройдан чиқиш. Шаҳзода Ҳарри ва Меган ўз мақомларидан воз кечишмоқда

Буюк Британия қироличаси Елизавета II’нинг набираси, шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл қироллик оиласининг юқори мартабали аъзолари мақоми ва у билан боғлиқ имтиёзлардан воз кечишини эълон қилди.

PA MEDIA

Шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган қироллик оиласи билан боғлиқ асосий вазифалардан халос бўлиш ва молиявий мустақилликка интилишмоқда. Бу ҳақда Сассекс герцоги ва герцогинясининг инстаграмдаги саҳифасида эълон қилинган.

Жуфтлик «монархия институтидаги янги прогрессив рол» яратиш, шунингдек, навбати билан Буюк Британия ва АҚШда яшашини ва молиявий мустақилликка эришиш ниятида эканлигини айтган.

Улар қиролича Елизавета II’ни «ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш»да давом этишни режалаштиришган.

Ҳарри ва Меганнинг сўзларига кўра, қарор бир неча ойлик таҳлил ва муҳокамалардан сўнг қабул қилинган. 

Сентябрь ойида улар доимий диққат марказида бўлиш қанчалик қийинлигини айтишганди.

«Сизларнинг айниқса сўнгги бир неча йил ичидаги қўллаб-қувватлашингиз билан, биз бундай ўзгаришга тайёрмиз деб ўйлаймиз».

«Икки қитъада яшаш ўғлимизни қироллик анъаналарига ҳурмат билан тарбиялашга, шу билан бир қаторда оиламизнинг шахсий майдонини кенгайтириш ва ҳаётнинг янги босқичига эътиборни жамлаш имкониятини беради, унинг бир қисми эса хайрия жамғармасини ташкил этишдан иборат бўлади», дейилади уларнинг баёнотида.

Букингҳэм саройига кўра, шаҳзода Ҳарри ва Меган билан музокаралар дастлабки босқичда. «Биз уларнинг ўзлари хоҳлаган йўлда боришни исташларини тушунамиз, аммо буларнинг барчаси ҳал этилиши учун вақт керак бўлган мураккаб масалалардир», дейилади баёнотда. 

Октябрь ойида ITV телеканали Ҳарри ва Меган билан катта интервью намойиш этган, унда бирданига сарой оиласи ўнлаб йиллар давомида жим бўлиб келган икки мавзу — таблоидларнинг қирол оиласи аъзолари ҳаётига аралашиши ва қироллик оиласидаги ўзаро муносабатларга тўхталиб ўтилганди. 

Хусусан, Меган ҳомиладорлик пайтида унинг ҳар бир қадамини танқид қилган сариқ матбуотдан хафа бўлгани ҳақида гапирган.

«Ақлга эмас, юракка таяниб»

Букингҳэм саройининг собиқ матбуот котиби Дики Арбитер шаҳзода Гарри ўз ақлига эмас, юрак хоҳишига бўйсуниб қарор қабул қилди, деб ҳисобламоқда. 

Унинг сўзларига кўра, уларнинг ўғли шаҳзода Арчи туғилганидан кейин ОАВнинг синчковлик билан эътибор кўрсатиши Сассекс герцоги ва герцогиняси саройдан чиқиб кетишга аҳд қилишининг сабабларидан бири бўлган.

Эксперт эр-хотиннинг қарорини 1936 йилда тахтдан кўра икки марта турмуши бузилган актриса Уоллис Симпсонга уйланишни афзал кўрган Эдвард VIII'нинг истеъфоси билан таққослади. 

«Бу шунга ўхшаш ягона ҳолат, аммо бизнинг давримизда бундан ортиқ ҳеч нарса содир бўлмаган», деди у. 

Шаҳзода Ҳарри қандай қилиб қироллик оиласининг «ярим» аъзоси бўлади деган саволга Арбитер жавоб бера олмади. 

«Агар уларнинг Буюк Британияда уйлари бўлса, тез-тез самолётда учишлари керак бўлади ва улар, сиз билганингиздек, атмосферага чиқувчи зарарли газ чиқиндиларининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли уларга салбий кўз билан қарашлари мумкин», дея таъкидлади Арбитер.

Шаҳзода Ҳарри ва Меган ўтган йилнинг август ойида хусусий самолётда учгани учун экологлар ва эко-фаоллар томонидан кескин танқидга учраганди. Элтон Жон эса жуфтликни самолёт билан унинг ўзи таъминлаганини айтиб, ёш оилани ҳимоя қилиб чиққанди.

  • Маълумот учун, шаҳзода Ҳарри Елизавета II’нинг биринчи ўғли бўлмиш шаҳзода Чарльз хонадонида иккинчи ўғил бўлгани туфайли тахтга ворислик қила олмайди - ворис унинг акаси Уильям ҳисобланади. Уильямдан кейин ҳам тахт укасига эмас, унинг фарзандларига (шаҳзода Жорж, малика Шарлотта ва шаҳзода Луис) ўтади.

Британия қироллик хонадони

Мавзуга оид