Visual Capitalist инфографикасига асос бўлган тадқиқот доирасида 2025 йилда 140 та мамлакатда 140 мингдан ортиқ киши сўровдан ўтказилган.

Натижаларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон илм-фанга ишонч даражаси бўйича АҚШ, Буюк Британия ва Франция каби йирик илмий марказларга эга давлатлардан юқори ўрин олган. Финландия, Германия ва Швеция ҳам биринчи ўнталикка кирган. Россия эса 67-ўринда қайд этилган.

Рейтинг мамлакатларнинг илмий салоҳияти ёки кашфиётлари сонини эмас, сўров иштирокчиларининг илм-фанга муносабатини акс эттиради. Айрим давлатларда юқори даражада ишонч билдирганлар улуши 10 фоизга ҳам етмаган.

Тадқиқотчилар илм-фанга ишонч ва илмий саводхонлик ўртасида барқарор боғлиқлик борлигини кўрсатувчи ишончли далилларни топмаган. Мамлакатдаги ўртача илмий саводхонлик ёки таълимга давлат харажатлари билан ишонч даражаси ўртасида ҳам аниқ боғлиқлик кузатилмаган.

Wellcome маълумотларига кўра, 2025 йилда дунё бўйича респондентларнинг 72 фоизи илм-фанга «маълум даражада» ёки «жуда кучли» ишонишини билдирган. 2020 йилда бу кўрсаткич 80 фоиз бўлган. Демак, беш йилда умумий ишонч даражаси саккиз фоиз пунктга пасайган.

Бу глобал кўрсаткич ишончнинг икки даражасини бирлаштиради. Ўзбекистон учун келтирилган 63,8 фоиз эса айнан юқори даражада ишонч билдирганлар улушидир.

Гарвард глобал саломатлик институти ташкил этган муҳокамада илм-фанга ишончсизлик ижтимоий тенгсизлик, институтлар фаолиятидаги камчиликлар, ёлғон ахборот тарқалиши ва сиёсий қутблашув билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Шу боис ишончни мустаҳкамлашда илмий натижаларни жамоатчиликка тушунарли етказиш ва жамоат институтларининг ишончли ишлаши ҳам муҳим омиллар сифатида кўрсатилган.