Жаҳон | 15:58 / 09.01.2020
43556
3 дақиқада ўқилади

Украина «Боинг» ракета билан уриб туширилган бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти

Украина миллий хавфсизлик кенгаши Теҳронда қулаган Boeing самолётининг ҳалокати сабаблари сифатида теракт, ракета ҳужуми ёки двигателнинг техник сабабларга кўра портлаб кетишини кўрсатмоқда

Украина миллий хавфсизлик кенгаши (СНБО) «Украина халқаро авиалиниялари» авиакомпаниясининг Теҳронда қулаган Boeing 737 самолёти ҳалокати сабаблари бўйича версияларини маълум қилди.

Ушбу ҳодиса атрофидаги воқеаларни ёритаётган телеграмдаги «Украина 24/7» канали маълумот беришича, Украина миллий хавфсизлик кенгаши асосий версиялар сифатида зенит ракетаси зарбаси, теракт ва техник носозлик сабаб двигателда портлаш рўй бергани кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, лайнер учувчисиз учиш қурилмаси ёки бошқа «учар объект» билан тўқнашгани версиялари ҳам истино этилмаган.

«Интерфакс» агентлиги Украина миллий хавфсизлик кенгаши котибига асосланиб хабар беришича, Эронга ушбу ҳодиса сабабларини ўрганиш жараёнида иштирок этиш учун етиб келган Украина комиссияси Россиянинг 3РК «Тор» ракетаси парчаларини қидирмоқчи.

Бундан аввалроқ, интернетда самолёт қулаган ҳудуддан «Тор» зенит-ракета қурилмасидан учирилган ракета қисми топилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бундан ташқари, ҳалокат рўй берган соатларда Иорданиянинг Al-Hadath нашри ушбу самолётга ўша вақтда эронлик ҳарбийлар томонидан АҚШнинг Ироқдаги базаларига учирилган ракеталардан бири тегиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин қилганди.

Маълумот учун, Эрон армиясида Россияда ишлаб чиқарилган «Тор-М1» зенит-ракета мажмуаси мавжуд. Россия Теҳронга бундай қуролларни етказиб беришни 2007 йил январида якунлаган.

  • 9 январь куни Reuters АҚШ, Канада ва Европадаги давлатлардан бирининг махсус хизматларига асосланиб, авиаҳалокатга техник носозлик сабаб бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.
  • Эронлик мутахассислар ҳам авиаҳалокат самолёт двигателида техник носозлик туфайли ёнғин чиққани оқибатида рўй берганини маълум қилишган. Воқеа гувоҳлари самолёт қулашдан олдин ёна бошлагани ва ерга урилгач портлаб кетганини кўришган.
  • «Украина халқаро авиалиниялари» эса ушбу самолёт 6 январь куни техник кўрикдан ўтказилгани ва унда ҳеч қандай камчилик бўлмаганини қайд этган. 

Мавзуга оид