«Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги ЎРҚ-595-сон Қонун эълон қилинди. У ярим йилдан кейин кучга киради.
Norma’нинг ёзишича, ҳужжатда мактабгача таълим ва тарбиянинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсати йўналишлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, эгалигида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланди.
Давлат ва нодавлат шаклида, шу жумладан ДХШ шартларида ташкил этилган мактабгача таълим ташкилоти қуйидаги турларда бўлиши мумкин:
умумий турдаги гуруҳлар – уларда умумий ривожланиш йўналишидаги гуруҳларда давлат таълим дастурлари амалга оширилади;
кўп тармоқли ихтисослаштирилган гуруҳлар – ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун;
инклюзив гуруҳлар, уларда соғлом муҳитга уйғунлаштириш орқали болаларнинг таълимга бўлган алоҳида эҳтиёжлари ва шахсий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда тенг даражадаги таълим ва тарбия таъминланади;
қўшма турдаги гуруҳлар – битта ташкилотда ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган ва бундай нуқсони бўлмаган болаларни алоҳида гуруҳларда, шунингдек инклюзив гуруҳларда қўшма турда таълим олиб борилади.
Мактабгача таълим ташкилотининг ҳар бир тури учун гуруҳларни тўлдириш нормативлари белгиланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳокимиятдан рухсат берувчи ҳужжатни олиб, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари шаклида хизматлар кўрсатиши мумкин. Уларда мактабгача ёшдаги 25 нафар болани ўқитиш ва тарбиялаш мумкин.
Гуруҳлар ёшга доир тоифалар бўйича илк ривожланиш (1 ёшдан 3 ёшгача), кичик (3 ёшдан 4 ёшгача), ўрта (4 ёшдан 5 ёшгача), катта (5 ёшдан 6 ёшгача) гуруҳларга ва мактабга тайёрлов гуруҳига (6 ёшдан 7 ёшгача) бўлинади. Гуруҳларни тўлдириш ва болаларни бир гуруҳдан бошқасига ўтказиш ҳар йили ўқув йили бошлангунига қадар амалга оширилади. Мактабгача таълим вазирлиги билан келишувга кўра гуруҳларни уларни тўлдиришнинг энг кўп миқдори оширилган ҳолда ташкил этишга йўл қўйилади. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳларни тўлдириш тартиби мактабгача таълим ташкилотларини сақлашга, уларнинг тузилишига ва улардаги иш режимини ташкил этишга доир санитария-гигиена талаблари ҳисобга олинган ҳолда уларнинг муассиси томонидан белгиланади.

















