Ўзбекистон | 18:33 / 10.01.2020
3763
3 дақиқада ўқилади

Ислом маданияти пойтахти Бухорода ўтказиладиган туристик тадбирлар ҳақида маълумот берилди

Бугун, 10 январь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йилдаги ислоҳотлар самараси ҳамда 2020 йил учун вазифаларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Унда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) Бухоро шаҳрини 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти деб эълон қилгани юзасидан маълумот берилди.

«Бу биринчи ўринда биз учун жуда катта фахр бўлса, иккинчи ўринда жуда катта имконият ҳисобланади. Чунки бу эътирофдан унумли фойдаланган ҳолда бизда мамлакатимизнинг зиёрат туризмини янада кенгроқ тарғиб қилиш имконияти пайдо бўлди. Шу муносабат билан 2019 йилда Бухоро шаҳрида ўтказилган I Халқаро зиёрат туризми форумини 2020 йилда яна кенгроқ форматда, Ўзбекистон Зиёрат туризми ҳафталиги шаклида ўтказишни режалаштирганмиз. Бу тадбирлар нафақат Бухоро шаҳрида, балки Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳарларида бўлиб, турли йўналишлардаги соҳаларга оид тадбирларни қамраб олади», – деди қўмита бўлим бошлиғи Саидкомил Холхўжаев.

Саидкомил Холхўжаев
Фото: KUN.UZ

Унинг сўзларига кўра, ҳафталик доирасида Ўзбекистон ислом меросини ўрганиш ва уни зиёрат туризми орқали тарғиб қилишга бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтади. Унда халқаро миқёсда танилган турли ислом уламолари қатнашиши кўзда тутилмоқда.

«Режаларимиздан бири – Сингапур билан ҳамкорликда Halal and Travel конференциясини ўтказишдир. Бу конференцияда зиёрат туризми ва ҳалол туризмга оид 20дан ортиқ экспертларни жалб қилган ҳолда соҳани ривожлантириш ва соҳадаги янги трендларни ўрганиш, улар билан ўртоқлашиш кўзда тутилган.

2019 йилда Зиёрат туризми конференциясининг натижаси самарали бўлди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, форумга ташриф буюрган турли меҳмонлар жуда кўплаб сайёҳларни Ўзбекистонга юборган. Ҳар биттаси билан алоқага чиқиб ўргандик. Форумнинг ёрдамчи натижалари ҳам жуда кўп бўлди. Дейлик, туризм соҳасига инвестиция киритганлар ҳам бўлди. Туризм соҳасида меҳмонхоналарни бошқарувига олган ва университетлар, талабалар билан илмий-амалий анжуманларни ўтказиш ҳолатлари ҳам бўлди.

Зиёрат туризмини тарғиб қилишдан асосий мақсад – туризм салоҳияти ва Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси маркази эканини тарғиб қилиш ҳисобланади. Бугунги кунда дунёда мусулмонлар сонининг ортиб бориши билан ислом тарихига ва ислом меросига бўлган қизиқиш ҳам ортиб боряпти. Европадаги ва Жануби-Шарқий Осиёдаги мусулмонларда қизиқиш кўпроқ бўляпти.

Шу орқали биз Ўзбекистоннинг ислом оламида тутган ўрнини, буюк мутафаккирларимизнинг нафақат ислом, балки жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кўрсата оламиз. Авваламбор ўзимиз ўрганишимиз ва бошқаларга таништиришимиз орқали кимлигимизни эътироф этишга эришамиз», – деди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Саидкомил Холхўжаев.

Маълумот учун, ISESCO 2020 йил Осиёда Бухорони, араб дунёсида Миср пойтахти Қоҳирани, Африкада эса Мали пойтахти Бамако шаҳарларини Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилган.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид