Жамият | 16:40 / 10.01.2020
26022
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 150та «Ford» русумидаги реанимобиллар топширилди

Тошкентда хориждан келтирилган тез тиббий ёрдам хизматида фойдаланиладиган 150та «Ford» русумидаги энг замонавий реанимобиллар топширилди.

«Эндиликда барча қулайликларга эга ушбу машиналар тез тиббий ёрдам хизматига топширилиши баробарида мамлакатимизда тез тиббий хизмат кўрсатиш соҳаси мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берувчи тизимга ўтмоқда.

Аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш замонавий тиббиётнинг муҳим йўналиши саналади. Мамлакатимизда бу йўналишда яратилган замонавий тиббиёт тизими йилдан-йилга такомиллашмоқда. Кейинги уч йил мобайнида бу соҳани ривожлантириш бўйича Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, мазкур тизимнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди.

Тез тиббий ёрдам хизматининг махсус санитар автотранспорт парки ҳам янгиланди. 2017-2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон тарихида биринчи марта 1500та тез тиббий ёрдам хизмати учун янги ихтисослашган автомашиналар харид қилинди. Натижада бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Охирги йилларда тез тиббий ёрдам хизматига ажратилаётган маблағ ҳам бир неча баробар ошди. Жумладан, битта чақириққа тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ишлатиладиган дори воситалари учун сарфланган маблағнинг дори воситалари бўйича нархи республика бўйлаб қарийб ўн баробарга ўсиб, 5800 сўмга етди.

Бундан ташқари, тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Бугунги кунда 844та қишлоқ оилавий поликлиникаларида тез тиббий ёрдам таянч пунктлари ташкил этилди. Бунинг натижасида тез ёрдам бригадаларининг хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 8-12 километргача қисқарди. Эндиликда юртимизда ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид