Жамият | 09:30 / 12.01.2020
67360
2 дақиқада ўқилади

Бир кунда икки кишини поезд уриб кетди

10 январь куни Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги темир йўлларда икки кишини поезд уриб кетди. Уларнинг иккиси ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти 10 январь куни темир йўлларда рўй берган бахтсиз ҳодисалар ҳақида маълумот берди.

10 январь куни соат 12:25ларда юк поезди 20та вагони билан бирга Ғунча шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи «Чортоқ-Наманган» бекатлари оралиғидаги 96 км 2-пикетида ҳаракатланаётган вақтида темир йўлни кесиб ўтаётган пиёда, 2-гуруҳ ногирони (кар-соқов) 31 ёшли З.Я.ни уриб юборган. Оқибатда З.Я. олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят Транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу куни соат 20:50ларда 7-сонли «Москва-Тошкент» йўналишида ҳаракатланувчи йўловчи поезди «Зарафшон-Жомбой» бекатлари оралиғидаги 3710 км. ҳаракатланаётган вақтда темир йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтмоқчи бўлган пиёда 53 ёшли Р.Б.ни уриб юборган. Оқибатда Р.Б. олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят Транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар! Сиздан темир йўл яқинида ҳаракатланаётганингизда ёки йўлни кесиб ўтаётганингизда белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишингизни сўраймиз», дейилади Тергов департаменти хабарида.

Мавзуга оид