Спорт | 13:37 / 14.01.2020
17855
2 дақиқада ўқилади

«Барса»нинг янги мураббийи ҳақида 10та факт

«Барселона» Кике Сетьенни янги бош мураббий этиб тайинлади. 61 ёшли мутахассис билан 2022 йил ёзига қадар шартнома тузилган. У билан шартнома «0,5+1+1» кўринишида бўлиб, у агар мавсумнинг қолган қисмида ишончни оқламаса, ишдан бўшатилиши ҳам мумкин.

1. Кике Сетьен пляж футболида бошлаган.

2. Сантандернинг «Расинг» клубида у Маэстро номини олган ва клуб рамзларидан бирига айланган, у бу клуб сафида 12 мавсум давомида тўп сурган. Бундан ташқари, у сантандерликлар клубини 2001/02 йилги мавсумда бошқарган ҳамда клубни биринчи дивизионга олиб чиққан.

3. У «Барса» тарихидаги учинчи кантабрианлик мураббий бўлди. Унгача Энрике Орисаола (1961) ва Лауреано Руис (1976) ҳам каталонлар клубида ишлаган.

4. Сетьен футболчи сифатида «Барселона»га қарши 22 марта ўйин ўтказиб (+5=5-12), икки гол урган.

5. Мураббий сифатида эса Кике кўк-анорранглилар билан жами 7 марта тўқнашган, 6 марта мағлуб бўлиб, бир марта «Камп Ноу»даги ўйинда ғалаба қозонган.

6. У мураббий сифатида турли йилларда «Расинг», «Поли Эхидо», «Логроньес», «Луго», «Лас-Пальмас» ва «Бетис» клубларида ишлаган, шунингдек бир муддат давомида Экваториал Гвинея терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи бўлган.

7. У «Камп Ноу»га сафарларидан бирида Серхио Бускетсдан футболка совға олган, унда шундай битиклар қайд этилганди: «Сизнинг футболдаги қарашларингизга ҳайрат билан. Барча яхши тилаклар».

8. Сетьен «Барса»нинг собиқ футболчилари Бартра, Каптум, Тельо, Санабрия, Араухо, Халилович ва Кевин-Принс Боатенг билан ишлаган, шунингдек, айни вақтда каталонлар клуби аъзоси бўлган Фирпо унинг «Бетис»даги шогирди эди.

9. «Барселона»нинг янги мураббийи ҳамиша Лионель Мессининг ўйинларидан ҳайратланган.

10. Кике — шахмат ишқибози. У жаҳоннинг собиқ чемпионлари Анатолий Карпов ва Гари Каспаров каби шахматчиларга қарши дона суришга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид