Ушбу тезкор тадбир 11 январь куни Самарқанд вилояти ДХХ бошқармаси ва вилоят ИИБ тезкор хизмат ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилди. Тадбир давомида Оқдарё тумани «Янгиқўрғон» МФЙ, Маҳалла қишлоғидаги «Хўрозлар жанги» мусобақаси учун ташкил этилган махсус арена фаолиятига чек қўйилди.
Kun.uz ҳодиса жойида тафсилотлар билан қизиқди. Маълум бўлишича, хўроз уриштириш учун қурилган махсус аренани шу маҳаллада яшовчи С.Б. ташкил этган бўлиб, турмуш ўртоғи Ч.Г. билан бирга юритиб келган.
Улар ўз ҳовлисидаги 3,5 сотих майдонга қурилган махсус аренада хўроз уриштиришни томоша қилиш, ўйинда қатнашиш учун келган 250 нафар фуқаронинг ҳар биридан 5 000 сўмдан 8 000 сўмгача бўлган миқдорда пул йиғиб олишган.
Бу ҳақда хонадон эгасидан изоҳ сўраганимизда, у хўроз уриштириш ноқонуний ишлигини билмаганини, арена ноябрь ойида фаолият бошлагани, ҳафтада бир марта ўйинлар бўлишини айтиб ўтди.

Аммо, хўроз уриштиришга келганлардан биридан бу аренага қачондан бери келиши сўралганида у қарийб бир йилдан бери келишини маълум қилди.

ИИБ ходимлари томонидан тадбир давомида хўроз уриштириш томошасига келган фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг жиноятга алоқадорлиги текширилди ва ушбу шахсларга тегишли 60та транспорт воситасининг ҳужжатлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, жами 31 нафар фуқаро ўзига тегишли бўлган хўрозларни уриштириш мақсадида олиб келгани аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Биз хўроз уриштирувчилар билан гаплашганимизда улар хўроз уриштириш жараёнида ғалаба учун одатда 200 минг сўм тикилишини айтишди. Энг катта тикиладиган сумма 1 миллион сўмгача экан.
С.Б. яшаган хонадон МИБ ходимлари томонидан текширилганда хўроз уриштириладиган махсус аренага табиий газни ноқонуний тарзда улаб фойдаланаётгани аниқланди.




















