Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат қарзини самарали бошқариш ва жалб қилинаётган қарзлардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қайд этилишича:
Молия вазирлиги томонидан Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси техник кўмагида Давлат қарзини бошқаришнинг ўрта муддатли стратегияси ишлаб чиқилган;
давлат қарзини бошқаришнинг ўрта муддатли стратегиясини мамлакатдаги макроиқтисодий ўзгаришлар ва ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши лозим;
Халқаро валюта жамғармасининг меъёри асосидаги Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига мувофиқ Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун давлат қарзининг максимал даражаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошмаслиги лозим;
Ўзбекистоннинг 2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунида 2020 йил давомида Ўзбекистон номидан ёки Ўзбекистон кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4 миллиард АҚШ доллари ҳамда Давлат бюджетидан қайтариладиган ташқи қарзни ўзлаштиришнинг чегараланган ҳажми 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
Давлат қарзини самарали бошқаришда қуйидаги устувор мақсадларга қатьий риоя қилиниши белгилаб қўйилди:
давлат қарзига ўз вақтида ва тўлиқ хизмат кўрсатилишини кафолатли таъминлаш;
давлат қарзини макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб туриш, диверсификациялаш ва давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларининг ошиб кетиш хатарларини пасайтириш;
давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва техник-иқтисодий асос ишлаб чиқишни талаб этмайдиган дастурларни уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва стратегик аҳамиятидан ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришдан келиб чиқиб белгилаш;
давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурларнинг натижадорлигини, ўз-ўзини оқлашини, улар амалга оширилиши бўйича маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш орқали қарзлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдордаги давлат улуши бўлган юридик шахслар ва банкларни босқичма-босқич бозор шартларида молиялаштиришга ўтказиш.
















