Монополияга қарши курашиш қўмитаси республикада тақиқланган психотроп препаратларни тарғибот қилувчи сайт тўғрисидаги реклама конструкциялари бўйича кўриб чиқилган ишларнинг якуни тўғрисида маълумот берди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг ноябр ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида республикада тақиқланган психотроп препаратларни сотувчи сайтнинг коди - QR кўрсатилган юклаш акс эттирилган реклама конструкциялари ўрнатилгани аниқланган.

Ушбу ҳолатни ўрганиш ва тегишли муносабат билдириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида  махсус комиссия тузилди. Олиб борилган ўрганишлар  натижасида,  Тошкент шаҳрининг  Оҳангарон шоссеси ва Чўлпон (Крестик) кўчалари кесишган жойда ҳамда Самарқанд шаҳрининг Фирдавсий кўчаларида юқорида қайд қилинган реклама баннерлари ўрнатилгани маълум бўлди.

Қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар бўйича қуйидаги хулоса тақдим этилган:

«Психотроп препаратларни сотувчи сайтни юклаш коди кўрсатилган баннерлар Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтган “Хамдамов Санжар Самадович” ЯТТнинг буюртмасига кўра “Media lux” ХК томонидан  (2019 йил 11 ноябрда №2291-сонли шартнома асосида) ўрнатилгани маълум бўлди. Шартнома шартига кўра, реклама баннерининг эскизи (нусхаси) “Хамдамов Санжар Самадович” ЯТТ томонидан тайёрланган ва “Media lux” ХК тақдим этилган. “Media lux” ХК ўз навбатида уни босиб чиқарган ва  юқорида кўрсатилган манзилдаги жойга ўрнатган. Бир қараганда бу ерда ҳеч қандай ажабланарли ҳолатнинг ўзи йўқ: буюртма олинди, имло хатолари борми-йўқми текшириб чиқилди.  Бироқ, масаланинг ҳуқуқий томонига эътибор берилмаган. (қонунларни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди!).

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутахассислари “Media lux” ХК Қозоғистон Республикаси пойтахти Нурсултон шаҳрида ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат содир этилгани кўрсатилган холда, кўриб чиқилган иш бўйича якуний хулосаларни тақдим этдилар.

Тақдим этилган материаллар билан танишиб чиққан “Media lux” ХК  томонидан Тошкент шаҳрида ўрнатилган  реклама конструкцияси демонтаж қилиниб, ушбу тўғрисида  Агентликка жавоб хати юборилди.

Шундай қилиб, реклама берувчи ва буюртмачининг (“Media lux” ХК ва “Хамдамов Санжар Саматович” ЯТТ) хатти-ҳаракатлари “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасини бузилиши деб талқин қилинди.