Бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Олимпиада йўлланмаси ўйналадиган Осиё ва Океания саралаш босқичида қатнашиш учун Хитойга жўнаб кетди.

Ундан олдин эса, таркибдаги рақобатни ҳисобга олган ҳолда, мураббийлар аксарият вазн тоифаси вакиллари ўртасида спарринг жанглар ўтказишди.

Шаҳрам Ғиёсов VS Бобо Усмон Батуров

Хусусан, 69 кг. вазн тоифасидаги даъвогарни аниқлаб олиш учун номзодлар – Рио-2016 кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов ва ЖЧ-2019 бронза медали соҳиби Бобо Усмон Батуров ўртасида уч раундлик жанг ўтказилди.

Ёпиқ эшиклар остида, фақат боксчи ва мураббийлар иштирокида ўтган жанг якунида қайсидир боксчининг қўли баланд кўтарилмаган бўлса-да, мураббийлар штаби Бобо Усмоннинг Шаҳрамни мағлуб этгани ва ғолиб сифатида Хитойга у боришини ўзлари учун белгилаб олишган.

Шаҳрам Ғиёсов: «Уч раундда ҳам мен ғалаба қозондим»

Ғиёсовнинг профессионал боксдаги ғалабали серияси ўнта жангга яқинлашди (10-0, 7 КО)
Фото: Twitter / @MatchroomBoxing

Аммо кўп ўтмай, Шаҳрам Ғиёсов sports.uz сайтида берган интервьюсида аслида у ғалаба қозонганини, аммо лицензион турнирга Бобо Усмон Батуров йўл олаётганини таъкидлаган.

«Жангда ҳар уч раундда ҳам ғалабага эришдим. Буни (бош мураббий) Марат ака ҳам айтди. Лекин раҳбар чақириб, ёшларга йўл беришимиз кераклигини, профессионал боксга анча мослашиб кетганлигимни айтди. «Яхшиси ушбу йўналишда ўзингни кўрсатиб, байроғимизни юксакларга кўтаргин, келганинг учун раҳмат, ёшларга имкон берайлик, хафа бўлмайсан», – деди.

Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга доим тайёрман. Насиб қилса, профессионал боксда улкан зафарлар қучиб, барчани хурсанд қиламан, деган умиддаман» – деган Шаҳрам Ғиёсов.

Бобо Усмон Батуров: «Ҳамманинг ўз фикри бор. Аммо жангда мен ютдим»

Шаҳрам Ғиёсовнинг фикридан кейин Kun.uz иккинчи томоннинг ҳам фикрини билиш мақсадида Бобо Усмон Батуров билан боғланиб, унинг фикрларига қулоқ тутди.