Ўзбекистон | 15:15 / 20.01.2020
14372
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ёш кадрларга ишонч билдиришда давом этишини айтди

Янги таркибдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг илк ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари кадрлар масаласига тўхталиб, ёшларга ишонч билдиришда давом этишини таъкидлаган.

«Ички қонунларимиз 80-йиллардаги ҳолатда. Қонунни ўзгартириш мумкин, лекин қуйи поғонадаги, ўрта поғонадаги одамларнинг билими – 75-йил. Улар билан ислоҳот қила олмаймиз. Шуни билинглар. Қандай аччиқ бўлмасин, барибир ёшларга мурожаат қилаверамиз.

Лекин битта нарсани билинглар: ёшларни тарбия қилиш ҳам осон эмас. Кўп ёшлар информацион технологияларни, тилларни билади, лекин халқ билан мулоқот қилиш, халқнинг дардини билиш, ҳақиқий етакчи бўлиш учун сабр-тоқат керак. Шунинг учун сизлар ҳам вазирларни тасдиқлаётган пайтларингда сабр-тоқат билан, ўзларингни ҳам уларнинг ўрнига қўйиб, хулоса қилган ҳолда ўз ниятларингни билдирсаларинг, сизлардан миннатдор бўламан», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мавжуд партиялар орасидаги энг ёш лидер – «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодировни депутатликка қайта сайлангани ва палата спикери ўринбосари бўлгани билан табриклади.

«Мен ҳар бир учрашувимда кадр излайман. Алишер ҳам шу ерда менга қаттиқ, жўшқин тарзда савол берганди», – дея эслади давлат раҳбари.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид