Премьер-лиганинг 23-турида «Ливерпуль» ортиқча қийинчиликсиз «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб этди (2:0) ва турнир жадвалида асосий таъқибчиси «Манчестер Сити» билан орадаги фарқни 16 очкога етказиб, чемпионлик учун яна бир катта қадам ташлади. Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида Европа яшил майдонларида яна бир қатор эътиборли учрашувлар бўлиб ўтди.

1. «Ливерпуль» рекорд қўйишда давом этади

Англиянинг энг катта икки клуби бу турда ўзаро рўбару келди. Турнир жадвали, жамоалар ҳолатидан қатъи назар, бу жамоаларнинг ўйини АПЛда энг катта воқеа сифатида қайд этилаверади.

«Ливерпуль» ажойиб ғалабага эришди ва бир қатор ижобий кўрсаткичлар қайд этди. Жамоа 22 ўйиндан кейин 64 очко жамғариб, кучли бешлик рекордини ўрнатди. Муҳаммад Салоҳ ниҳоят ўзининг еттинчи уринишида «Манчестер Юнайтед» дарвозасини ишғол қилишнинг уддасидан чиқди. У шу пайтгача АПЛда ўзи қарши ўйнаган 25 жамоадан 23тасига гол урган. Салоҳга голни уришда дарвозабон Алиссон Бекер кўмаклашди. Бу ҳам сўнгги ўн йилликда «Ливерпуль» дарвозабони томонидан амалга оширилган дастлабки ассист бўлди. Ўн йил олдин «Астон Вилла»га қарши ўйинда Пепе Рейнанинг узатмасидан сўнг Фернандо Торрес рақиб дарвозасини ишғол қилганди.

«Манчестер Юнайтед»чи? Айтиш мумкинки, бугунги имкониятлардан келиб чиқиб, таркибдаги Погба, Мактомини, Рэшфорд каби асосий футболчиларсиз ҳаракат қилишига тўғри келган Сульшер «Энфилд»да муносиб туриб бера олди дейиш мумкин. Ҳар ҳолда учрашув охирига қадар дуранг учун имконият сақланиб қолди, бир қатор вазиятларга ҳам эга бўлинди. Футболчилар маҳорати ўз йўлига, лекин «МЮ» бу ўйинда сочилиб кетмагани, бутун учрашув мобайнида мураббий режасидан четга чиқмай, тартибли ўйин кўрсатганини қайд этиш мумкин. Бундан ортиғига «Энфилд»да ҳеч бир жамоа қодир эмас айни дамда. 

2. АПЛда грандлар муваффақиятсизлиги

«Манчестер Юнайтед» бу мағлубиятдан унчалик хафа бўлмаслиги ҳам мумкин, чунки турнир жадвалининг юқори қисмидаги клублар учун ҳам бу тур оғир келди.

«Челси» билан ўртадаги фарқ катталашмади. Лондонликлар сўнгги дақиқаларда ўтказилган гол туфайли «Ньюкасл»дан мағлуб бўлишди (0:1). «Арсенал» ўз майдонида «Шеффилд» қаршилигини енга олмади (1:1). «Тоттенҳэм»нинг «Уотфорд»га қарши ўйини голсиз якунланди (0:0). «Манчестер Сити» ўз майдонида «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда Агуэронинг дублидан сўнг бурилиш ясаган бўлса-да,  бу ўйин ҳам дуранг билан якунланди (2:2).