Олий Мажлис Сенатида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев Сенатнинг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлиги ҳақида гапирди.
«Сенатнинг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлигини, улар фаолиятига амалий ва услубий кўмак кўрсатиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш лозим.
Афсуски, бугунги кунда юқори палатамизнинг бу борадаги фаолияти сустлигича қолмоқда. Энг ачинарлиси, маҳаллий кенгашлар ҳудудлардаги долзарб масалалар ечимини топишда ўз ваколатларидан деярли фойдаланмаяпти.
Маълумки, сўнгги даврда, айниқса охирги уч йилда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Жумладан, ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.
Қонунчиликда маҳаллий кенгашларга бундай кенг ваколатлар берилган бўлса-да, амалда уларнинг натижаси кўринмаяпти. Сенат қўмиталари маҳаллий кенгашлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўймагани ҳам бунга сабаб бўлмоқда.
Кенгашлар фаолият самарадорлигини оширишда мен, биринчи навбатда, сиз муҳтарам сенаторларга суянаман. Шунинг учун доимий асосда ишлайдиган сенаторларни маҳаллий кенгашларга бириктиришни назарда тутадиган янги тизим яратиш лозим. Бу масалани сайловларда кузатувчи бўлиб иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам тавсия этишган.
Аслида сенаторлар ҳудудлар манфаатини ҳимоя қиладилар. Шунинг учун сенаторларимиз ҳар ойда биттадан маҳаллий кенгашларни намунавий ишлайдиган қилиб берсалар, албатта халқни рози қиладилар.
Шу муносабат билан маҳаллий кенгашларда сенаторнинг кабинетини ташкил этиш ўринли бўлади. Шу билан бирга, Сенат Раиси, ҳудудларда барча сенаторларни жалб қилган ҳолда, маҳаллий кенгашлар депутатларининг тизимли ўқувини ташкил этиш амалиётини жорий этиши лозим.
Сенат, Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда, мутлақо янги бўлган тизимни, яъни сенаторлар мактабини шакллантириши керак. Чунки, жойларда депутатлар корпуси қанчалик кучли бўлса, маҳаллий кенгашлар ва албатта, Сенат ҳам шунчалик кучли бўлади.
Ҳурматли сенаторлар, мен сизларнинг ҳар бирингизни кўпни кўрган, халқ ичида катта обрў-эътиборга эга, жойлардаги муаммоларни ва уларни ҳал қилиш йўлларини яхши биладиган одамлар деб биламан. Барчангиз фидокор ва ташаббускор бўлиб, ўз амалий ишларингиз билан сенатор сифатида мамлакатимиз тарихида ном қолдиришингизни истайман.
















