Жамият | 08:15 / 21.01.2020
7721
3 дақиқада ўқилади

Табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишда 5,1 млрд сўмлик талон-торожлик аниқланди

Жорий йилнинг 3 январидан 20 январига қадар «Ўзнефтгазинспекция» томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида 5,1 млрд сўмлик табиий ва суюлтирилган газларни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.

Энг жиддий ҳуқуқбузарликлар Наманган ва Жиззах вилоятларида аниқланди. “Мезбон” МЧЖ ва “Нафосат бекати” МЧЖ корхоналарига тегишли умумий овқатланиш корхоналарида жами 306 млн сўмлик 306 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида ҳеч қандай рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан оҳак цехи томонидан газ тармоғига уланиб газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китоб бўйича жами 330 млн сўмлик 330 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. 

Яна бир нечта газ таъминоти тизимига рухсатсиз уланиш ҳолатлари Тошкент вилоятининг Тошкент ва Қибрай туманларида аниқланган. 157 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда иссиқхоналар ва “Муҳаммад” МЧЖ паррандачилик фермаларидан бирида фойдаланилган. Умуман олганда вилоят ҳудудида жами 690 млн сўмлик 690 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. 

Республикада жами 4,3 млн метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган, бу эса ўз навбатида жами 4,3 млрд сўмлик зарар келтирилган.

Аҳоли учун тарқатиладиган суюлтирилган газлардан Андижон шаҳридаги “Андижон шаҳаргаз” филиалида 25 минг кг (54,3 миллион сўм) миқдордаги суюлтирилган газни ҳисобдан чиқариш ҳолати аниқланди. Бундан ташқари, омборни текшириш вақтида ушбу филиал ходимлари томонидан 738 млн сўмлик 2 390 та маиший газ балонларининг етишмаслиги аниқланди. 

Ушбу далилларга қўшимча равишда, филиал ходимлари аҳолидан суюлтирилган газ учун олинган маблағларни хизмат кўрсатувчи банк кассасига топширмаган, шу билан 80 млн сўм қийматидаги нақд пул маблағларини қисқартириб қўпол қонунбузарликларга йўл қўйган.

Андижон вилоятида амалга оширилаётган тадбирлар давомида 8 январь куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда инспекция томонидан Андижон вилояти ҳудудидан суюлтирилган газни олиб чиқишга уринишнинг олди олинди.

24 млн сўм қийматидаги 10,2 тонна суюлтирилган газ, давлат рақами 70 707 ВАА газ ташиш автомашинасида олиб кетилаётганида аниқланди. Ушбу ёқилғи “Шахрихан” газ тўлдириш станциясида ноқонуний тарзда юкланганлиги маълум бўлди. 

Юқорида кўрсатилган аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Мавзуга оид