Ўзбекистон | 00:33 / 22.01.2020
91353
2 дақиқада ўқилади

«Туҳматлардан ҳеч қачон синган эмас» – Шавкат Мирзиёев Абдулла Арипов ҳақида

Олий Мажлис палаталарининг илк қўшма мажлисида сўз олган президент Шавкат Мирзиёев бош вазир лавозимига қайта тайинланган Абдулла Арипов ҳақидаги ижобий фикрлари билан ўртоқлашди.

«Мен 14 йил шу лавозимда ўтирган ва уч марта қайта тайинланган одам сифатида айтаманки, Бош вазирнинг юрагидан қандай ҳиссиётлар ўтаётганини мен сезаман. Нега десангиз, Абдулла Нигматовични мен 20 йилдан бери яхши биламан. Кўп йиллар ёнма-ён бирга ишлаганмиз.

Ҳаётда кўп оғир туҳматлар бўлди, бу туҳматлардан ҳеч қачон сингани йўқ. Шунинг учун мен лавозимга ўтирганимдан кейин Абдулла Нигматовични қайтарганим ҳам адолат нуқтайи назаридан бежиз эмас», – деган Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўшма мажлисда қатнашган 150 нафар депутатдан 148 нафари (1 нафари бетараф, 1 нафари овоз бермади), 97 нафар сенатордан 94 нафари (3 нафари овоз бермади) Арипов номзодини маъқуллаб овоз берди.

Маълумот учун, Абдулла Арипов – Ўзбекистоннинг тўртинчи бош вазири. У 2016 йил 14 декабридан буён ушбу лавозимни эгаллаб келмоқда. 2002-2012 йилларда собиқ бош вазирлар Ўткир Султонов ва Шавкат Мирзиёевнинг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Мавзуга оид