Буюк Британиянинг «The Economist Intelligence Unit» аналитик гуруҳи анъанавий йиллик Демократия индексини эълон қилди. Унда Ўзбекистон 167та мамлакат орасидан 157-ўринда қайд этилган.

60та индикатор бўйича республиканинг ўртача кўрсаткичи 10 балдан 2,01 бални ташкил этган. Ўзбекистон 2018 йилги рейтингда худди шунча балл билан 156-ўринни эгаллаган эди.

Сўнгги ўнталикда Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон (159-ўрин, 1,93 балл) ва Туркманистон (162-ўрин, 1,72 балл) ҳам бор.

Қирғизистон 4,99 балл билан 101-поғонани, Қозоғистон эса 2,94 балл билан 139-ўринни эгаллаган.

Рейтинг муаллифлари 4 ва ундан камроқ балл тўплаган мамлакатлардаги бошқарувни «авторитар режим» деб ҳисоблайди. Россия ва Хитой ҳам шулар жумласидандир. Улар мос равишда 134- ва 153-ўринларда кўрсатилган (3,11 ва 2,26 балл).

22та давлатда «тўлиқ демократия» ҳукмрон. 54та мамлакатда «номукаммал демократия», 37та ҳудудда эса «гибрид режимлар» амал қиляпти. 54та мамлакат – авторитар бошқарув остида.
Манба: The Economist Intelligence Unit

Рейтингнинг энг юқорисидаги тўртта мамлакат ўз ўрнини сақлаб қолган: ҳамон Норвегия биринчи (9,87), Исландия иккинчи (9,58), Швеция учинчи (9,39), Янги Зеландия тўртинчи (9,26) ўринда бормоқда. Юқори бешликдаги Дания ўз ўрнини Финландияга бўшатиб берган.

Катта еттилик давлатларидан – Канада 8, Германия 13, Буюк Британия 14, Франция 20, Япония 24, АҚШ 25, Италия 35-ўринда.

Эстония (27-ўрин) нафақат собиқ совет иттифоқи республикалари ичида, балки бутун Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг демократик давлат бўлиб қолмоқда. Бу борада кейинги ўринларда Литва (36), Латвия (38) ва Украина (78) қайд этилган.

2006-2019 йилларда Ўзбекистоннинг Демократия индексидаги кўрсаткичлари
Манба: The Economist Intelligence Unit