Россия аҳолиси қаторасига иккинчи йил камаймоқда
Россиянинг доимий аҳолиси 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, 2019 йил бошланишига нисбатан 32 минг 622 кишига камайиб (0,2 фоиз), 146 млн 745,1 минг кишини ташкил қилди. Бу ҳақда Россия давлат статистика қўмитаси маълум қилди.
Россия аҳолиси 2018 йилда 99,7 минг кишига қисқаргандан кейин қаторасига иккинчи йил камаймоқда. Бунгача, яъни 2009 йилдан 2017 йилгача Россия аҳолиси узлуксиз кўпайиб келган. Росстат прогнозига кўра, Россия аҳолиси 2026 йилгача қисқариб боради.
Россиядаги жорий демографик вазият аҳолининг 2016 йилдан бошлаб тобора жадаллашиб бораётган табиий камайиши ва камайишни қоплай олмаётган миграция ўсиши билан ифодаланмоқда.
Росстат маълумотларига кўра, Россияда 2019 йилнинг 11 ойида аҳолининг табиий камайиши 285,7 минг кишини, мамлакатга соф миграция қиймати эса 222,7 минг кишини ташкил қилган.
Росстатнинг демографик прогнозига кўра, аҳолининг табиий камайиши 2026 йилда энг юқори кўрсаткични (583,5 минг киши) ташкил қилади, миграция оқими эса бу соннинг ярмини ҳам қоплай олмайди. Бу ҳолат биринчи навбатда туғилишнинг камайиши билан боғланган. Прогнозларга кўра, туғилиш коэффициенти (бир аёлга тўғри келадиган болалар сони ҳисобида) жорий 1,5 дан 2025 йилда 1,42 гача камаяди.
Россия ҳукумати 2024 йилгача туғилиш коэффициентини 1,7 гача оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бунинг учун оналик капиталини 2020 йилдан бошлаб биринчи фарзанд туғилиши билан бериш бошланади, дастурнинг ўзи эса 2026 йилгача узайтирилади. Ҳозирда бу дастур фақатгина иккинчи фарзандга қўлланиб, 2021 йилгача амал қилиши белгиланган. Оналик капиталининг умумий қиймати 466,6 минг рублдан 616,6 минг рублгача (икки фарзандли оила учун) оширилади.
Мавзуга оид
11:38 / 25.10.2024
Вилоятлар орасида энг зич аҳоли Андижонда яшаши маълум қилинди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
08:10 / 23.10.2024
БМТ: Уруш бошлангандан бери Украина аҳолиси 8 млнга камайди
16:19 / 09.10.2024