Чоршанба куни Хитой ҳукумати вирус илк маротаба аниқланган ҳудуд 8,9 миллион (бошқа манбаларда 11 млн) аҳолига эга бўлган Хубэй вилоятидаги Ухань шаҳрини карантинга олиб ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шаҳарга олиб борадиган барча йўллар ёпилди, шаҳар ичида ҳам жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди. 

Пайшанба куни худди шундай қарор Хубэйдаги яна бир шаҳар - 7 миллион аҳолили Хуанган учун ҳам қабул қилинди. Хуанганга борадиган барча поезд ва самолётлар рейслари бекор қилинган, шунингдек шаҳар ички транспорти ҳаракати тўхтатилган. 

Расмийлар, шунингдек, барча кенг кўламли тадбирларни - ой тақвими бўйича 25 январга белгиланган Янги йил байрами, оммавий сайллар, шу жумладан ибодатхоналардаги анъанавий ярмаркаларини бекор қилишга қарор қилишди. 

Янги йил давомида миллионлаб одамлар Хитой бўйлаб саёҳат қилишади.  Минглаб хитойликлар чет элга ҳам чиқиб кетади. 

Хитойнинг сирли вируси: хавотирланишга асос борми?

Ухань ва Хуанган қамалда

Жума куни кечаси Хуанганда барча автобус ва поезд қатновлари тўхтатилади. Шаҳардаги кафе, ресторанлар ва кинотеатрлар ҳам ёпилади. Одамларга шаҳарни тарк этмаслик тавсия этилган.

Шу билан бирга, бир кун аввал шаҳарни тарк этмаслик тўғрисида буйруқ берилган Ухань аҳолиси ижтимоий тармоқларда маҳсулот етишмаслиги мумкинлигидан хавотир билдириб, нархларнинг кескин кўтарилишидан шикоят қилишмоқда. 

Янги коронавирус Хитойнинг бошқа шаҳарларида ҳам аниқланди. У қандай тарқалмоқда?

Шаҳардаги кўплаб дўкон пештахталари аҳолининг зудлик билан овқат захираси йиғишга киришгани ортидан бўшаб қолди.

Фуқаролар кийиш мажбурий бўлган тиббий ниқобларни ҳам фаоллик билан сотиб олишмоқда.

Пайшанба куни дунё бўйлаб транспорт ва иқтисодий алоқаларга эга катта ва муҳим шаҳар бўлган Ухандан чиқувчи барча рейслар бекор қилинди. Унгача шаҳар аэропортидан Лондон, Париж, Дубай ва бошқа кўплаб шаҳарларга тўғридан-тўғри рейслар мавжуд эди.