Жаҳон | 10:34 / 27.01.2020
18828
5 дақиқада ўқилади

АҚШ, Франция ва Япония Ухандан ўз фуқароларини эвакуация қилишга тайёрланмоқда

Янги турдаги коронавирус тарқалаётган Хитойнинг Ухань шаҳри карантинга олиниб, шаҳарга кириш ва ундан чиқиш тақиқланган бўлишига қарамай, қатор мамлакатлар ўз фуқароларини у ердан эвакуация қилишга тайёрланмоқда.

Маълум бўлишича, АҚШ, Франция ва Япония биринчилардан бўлиб ўз фуқароларини эпидемия ўчоғидан олиб чиқиб кетмоқчи.

АҚШ

Қўшма Штатлар ҳукумати Ухандаги консулхонасида ишлаётган дипломатлар ва уларнинг оила аъзоларини ватанга қайтариш режаси устида ишламоқда. CNN ўз манбасига таяниб берган хабарга кўра, бу ерда 30га яқин америкалик ҳақида гап кетяпти.

The Wall Street Journal хабарига кўра, эвакуация қайси самолётда амалга ошиши масаласи очиқ турибди. «Кўпроқ йўловчини сиғдира оладиган Boeing-737 ва камроқ сиғимга эга Boeing-767 вариантлари кўриб чиқиляпти. Кўп нарса Хитой ҳукумати бизга нимани рухсат беришига боғлиқ», – деган WSJ манбаси.

Қайд этилишича, консуллик Ухандаги америкаликларга мурожаат билан чиқиб, хоҳловчиларга самолётдаги бўш ўринларда АҚШга қайтишни таклиф этган. Борт экипаж таркибида шифокор ҳам бўлиши кутиляпти.

Франция

Франция соғлиқни сақлаш вазири Аньес Бузеннинг маълум қилишича, мамлакатнинг 800 нафарга яқин фуқароси Уханда яшамоқда. Улардан хоҳиш билдирганлари ватанга қайтарилиб, 14 кун мобайнида карантинда сақланади.

«Хитой томони билан келишув асосида, Франция фуқаролари самолётда Францияга эвакуация қилинади. Бу ҳафта ўрталарига мўлжалланган», – деган Бузендан иқтибос келтирди Reuters.

Вазирнинг қўшимча қилишича, аэропортларга ўрнатилган тепловизорлар – фойдасиз. «Сканерлаш хавфсизлик чоралари кўрилаётгандек тасаввур уйғотади, лекин аслида бу йўл билан мақсадга эришиб бўлмайди», деди у. Яъни касаллик симптомлари кейинроқ юзага чиқиши ёки оддий аспирин ёрдамида тана ҳароратини туширишга эришиш мумкин.

Аньес Бузен Францияда коронавирусга чалингани аниқланган уч нафар бемор (уларнинг барчаси хитойликлар)ни ўз фикрларига исбот сифатида келтирди.

«Уларнинг учаласида ҳам бу ерга келишганида иситма йўқ эди. Уларда касаллик аломатлари кейинроқ юзага чиққан», – деди Франция соғлиқни сақлаш вазири.

Япония

Кунчиқар юрт расмийлари эвакуация санасини ҳам аниқ белгилаб бўлишган – 28 январь. NHK телеканали хабарига кўра, Япония ТИВ Уханда экани айтилаётган 700дан ортиқ япон фуқаросининг ярмидан кўпи билан алоқага чиқишга муваффақ бўлган.

Аввалроқ Япония бош вазири Синдзо Абэ японларни Ухань шаҳридан зудлик билан олиб чиқиб кетиш имкониятлари кўриб чиқилаётганини айтган эди.

Япония ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотеги ҳам хитойлик ҳамкасби Ван И билан телефон орқали суҳбатда шу мавзуни муҳокама қилган. Мотеги, шунингдек, инфекция тарқалишига қарши курашда Япония Хитойга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон ТИВ: Дипломатик ваколатхоналар Ухандан ўз фуқароларини олиб чиқиб кета олмаяпти

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда Уханда тахминан 30 нафар Ўзбекистон фуқароси бор. Шанба куни вазирлик раҳбари Абдулазиз Комилов улар ватанга қайтарилиши мумкинлигини айтган эди.

Орадан бир неча соат ўтиб, ТИВ хорижий мамлакатларнинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари Ухандан ўз фуқароларини олиб чиқиб кета олмаётгани ҳақида баёнот берди.

«Карантин эълон қилиниши муносабати билан, тегишли ҳокимият органлари Хитойда аккредитация қилинган хорижий мамлакатларнинг барча дипломатик ваколатхоналарига чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилиш бўйича рад жавобини бермоқда. Карантин киритилганидан сўнг бошқа давлатнинг элчихоналари ўз фуқароларини эвакуация қилгани тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди», – дейилади Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси билдиришида.

Мавзуга оид