Жамият | 13:56 / 30.01.2020
44923
3 дақиқада ўқилади

Сенат Чироқчи тумани ИИБ биносидаги воқеага муносабат билдирди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ички ишлар бўлими биносидан гумондор шахснинг мурдаси чиқиши билан боғлиқ ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

«Шу кунларда интернет нашрларида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида содир бўлган воқеа бўйича «Участкавойларингни қутқариб қолсаларинг, ургани йўқ десаларинг, рози қилади» сарлавҳаси остида эълон қилинган хабар ижтимоий тармоқларда ҳамда жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Ушбу хабарда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ўғирликда гумонланган 32 ёшли фуқаро Ю.А.ни калтаклаб ўлдирган ИИБ ходимлари ўз қилмишларини яширишга уринишганлиги, шунингдек, марҳум Ю.А. билан бирга ота-бола – Қурбон Остоноев ва Баҳром Авлиёқулов ҳам аёвсиз калтакланганлиги келтирилган.    

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан туман ИИБ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан назоратга олинди.

Ички ишлар вазирлигига ички ишлар органлари ходимларининг хизмат визифалари қонун асосида бажарилишини ташкил қилиш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кучайтириш топширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мамлакатимизда ҳар қандай кўринишдаги жиноятларга нисбатан муроса қилиб бўлмаслигини таъкидлайди», дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати хабарида.

26 январь куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи 32 ёшли эркак Ю.А 22 январь куни яшаш уйидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгани, 23 январь куни эса ИИБдан унинг мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалганди. 

27 январь куни вилоят прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми («Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Дарё» мухбири марҳумнинг яқинлари билан, шунингдек, ўша куни Ю.А билан бирга тергов қилиш учун олиб борилиб, қийноққа солинган ота-бола Қурбон Остоноев ва Баҳром Авлиёқулов билан ҳам гаплашган. Уларнинг барчаси Ю.А шафқатсизлик билан калтакланганини таъкидлашган, ИИБ ходимлари қотилликни яшириш учун гувоҳларнинг оғзини ёпишга урингани ҳақида айтиб беришганди.

Бугун, 30 январь куни Қашқадарё вилояти ИИБ биносида ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилинишича, шу воқеа ортидан Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ўз хоҳишига кўра истеъфо берган.

Мавзуга оид