Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатида давлатимиз ривожи учун ўта муҳим ғоялар ва ислоҳотлар илгари сурилди. Барчаси тегишли соҳаларнинг олдинга қараб дадил қадам қўйишига замин яратади, уларнинг комплекс тарзда ҳаётга татбиқ этилиши эса давлатимизни узоқ муддатли барқарор ривожланишга сабаб бўлиши шубҳасиз.

Шулар ичида Ўзбекистоннинг охирги асрлардаги иқтисодий-ижтимоий воқеалиги, керак бўлса, халқининг тақдирига катта таъсир қилиб келган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инқилобий янгилик халққа эълон қилиндики, бу мурожаатда тилга олинган энг эътиборли ва қадрли мавзулардан эканлигини эътироф этиш зарур. Яъни пахта ва ғалла учун давлат буюртмасини бекор қилиш қарори кульминацион ва стратегик аҳамиятга эга янгиликдир.

Бу нега муҳим?

Нима учун бу шунчалик муҳим деган савол туғилиши табиий. 

Қисқача айтганда, пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор бўлиши фермерлар фаолиятида тубдан ўзгариш келтириб чиқаради, уларнинг ўз ерларида фаолият юритиш эркинлигига туртки беради, рақобат ўсади, яъни манфаат кучаяди, бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалигида унумдорликнинг ошишига олиб келади.

Президентимиз ҳам пахта ва ғалла халқимизнинг косаси оқаришига олиб келмаганини кўп маротаба таъкидлаб келмоқдалар: “Афсуски пахта бизни боқмади” дейилди давлат раҳбари нутқида. Шу боис сўнгги пайтларда мазкур соҳадаги либерал ислоҳотлар дадил амалга оширилмоқда, шу сабабли ушбу қарорни мурожаатдаги энг муҳим янгилик, десак муболаға бўлмайди.

Қишлоқ хўжалиги, хоҳлаймизми-йўқми, бошқа барча соҳаларнинг фаолиятига, керак бўлса, ушбу соҳаларнинг ривожланиш истиқболларига, ҳаттоки, тақдирига таъсир қилиб келмоқда. Жумладан, аграр соҳадаги мавжуд муносабатлар давлатдаги қонун устуворлигини таъминлашга, шартномавий муносабатларнинг ривожланишига, моддий ресурсларнинг тақсимланиш принципларига, давлатдаги нарх сиёсати юритилишига, маъмурий ислоҳотларга (яъни қайси орган аслида қайси функцияларни бажариши керак), корпоратив бошқарув тизимига ёки банк-молия соҳасининг ишлаш принципларига, умуман, бозор иқтисодиётининг қарор топишига, қишлоқ ҳудудларининг ривожланишига таъсир қилади. 

Чунки бу соҳанинг реал ишлашини таъминлаш учун сафарбар этиладиган кучлар юқоридаги соҳалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади ва ўз-ўзидан уларни ўз таъсири остига олади.

Шуни эътиборга олиб, қишлоқ хўжалигидаги енгилликлар бошқа соҳалардаги мавжуд қоидалар, принциплар, муносабатларнинг ҳам ривожланишига олиб келади, дейиш мумкин. Пахта ва ғаллага давлат буюртмасининг бекор бўлиши эса буюртмачининг бу соҳага аралашувини камайтиради. Бу борада сафарбар этиб келинган ресурслар мақсадга мувофиқ тақсимланади: хусусан, ҳокимликларга бошқа муҳим стратегик вазифалари, айниқса, бугунги кунда энг долзарб бўлган ижтимоий соҳа билан шуғулланиш имконияти яратилади.