Ҳукумат қарори билан Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ, уй-жойлар имтиёзли ипотека кредити асосида ҳар йили туман (шаҳар)лардан белгиланган тартибда ажратилади.
Уй-жой ажратиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- ариза берувчи талабгор сифатида ёзма тавсияни олиш учун талабгорларни танлаш бўйича комиссия раисига доимий яшаш жойи бўйича ҳужжатларни ва сўровнома-аризани тақдим этади;
- комиссия ҳужжатларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади;
- комиссия аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини қатор ижтимоий мезонлар асосида (талабгор номида уй-жой йўқлиги, ижарада туриши, бошқа оила билан бир уйда яшаши, кўп болалилик ва бошқалар) аниқлайди;
- аризани кўриб чиқиш ва уй-жой шароитини ўрганиш натижасида комиссия ёзма тавсия бериш ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
- ёзма тавсия берган талабгорлар дастлабки шартномаларни тузиш учун инжиниринг компанияси филиалига мурожаат қилади.
2020 йил дастурлари доирасида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун ипотека кредитларини ажратиш бўйича:
- имтиёзли давр — 1 йил;
- кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.
Меҳнат мигрантларига аталган уйлар қайси шартлар асосида берилишига ойдинлик киритилди
2020 йилда мигрантларга 3462та хонадон ажратилади. Рўйхат ҳудудлар кесимида эълон қилинди










