Ўзбекистон | 01:21 / 31.01.2020
29948
2 дақиқада ўқилади

Томск фожиасида ҳалок бўлган икки ўзбекистонлик жасади ватанга олиб келинди

21 январь куни Томск вилоятида 12 нафар ўзбекистонлик ёнғин оқибатида ҳалок бўлган, 2 нафари тирик қолгани ҳақида хабар қилинган эди. 2020 йил 26 январида фожиада ҳалок бўлган 10 нафар марҳумнинг жасади олиб келинди. Қолган икки нафарининг шахсига ойдинлик киритилиши лозим эди. 

30 январда ушбу фожиада тирик қолган икки ўзбекистонлик ҳамда икки марҳум жасади ҳам Ватанга олиб келинди. ДНК натижаларига кўра, олиб келинган марҳумлардан бири китоблик Раҳмонов Шуҳрат экани маълум қилинди. Наманган аэропортига келтирилган иккинчи марҳум Мамажонов Музаффаржон Андижон вилоятига жўнатилган.

Тергов жараёни сабабли тирик қолган жабрланувчилар, навоийлик Н.М. ҳамда Р.Д. билан учрашиш имкони бўлмади.

Марҳумлар жасадлари ва фуқаролар республика Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Миллий авиакомпания ҳамкорлигида олиб келинган.

Таъкидлаш ўринлики, ҳалок бўлган меҳнат мигрантларининг жасадларини олиб келиш Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида ташкил этилган махсус жамғарма ҳисобидан қопланади. Бироқ, Россия ижтимоий тармоқларида Томск фожиаси қурбонлари учун номаълум кишилар томонидан пул йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу муносабат билан, ўзбекистонликларни фирибгарлар алдовидан эҳтиёт бўлишга чақириб қоламиз.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид