Ҳозирда кенг фойдаланилаётган муқобил энергия турларидан бири шамол энергетикаси ҳисобланади. Бунинг учун замонавий шамол энергетик қурилмалари яратилган бўлиб, улар қувватига кўра мини ва катта шамол энергетик қурилмаларига ажратилади.

Ўзбекистонда доимий равишда шамол эсиб турадиган ҳудудлар мавжуд. Бундай географик ҳудудларда «Шамол генераторлари»ни барпо этиш ва улардан энергия манбаи сифатида фойдаланиш анча самарали ва қулай ҳисобланади.

Бундан бир неча кун аввал Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти Инновация маркази ходимлари томонидан Эркин Атажановнинг «Шамол ҳаракатини механик харакатга айлантирадиган клапанли қурилма»нинг (шамол генератори) лойиҳавий-тажрибавий намунаси лаборатория синовидан ўтказилган эди.

Унда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев, институт раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирок этишганди.

Синов методикасига кўра, лойиҳанинг тажрибавий намунаси лаборатория шароитида турли тезликдаги сунъий шамол таъсири остида синалган. Махсус ўлчов асбоблари ёрдамида қурилма тажрибавий намунаси ўқидаги куч моменти, ўқнинг бурчак тезлиги ва берилаётган сунъий шамол тезлиги ўлчаниб натижалар қайд этилган.

Биз ушбу ихтиро муаллифи Эркин Атажанов ва Ёджу техника институти билан боғланиб, лойиҳанинг қиммати, аҳамияти ва келажаги борасида фикрларини сўрадик.

«Янгиликка интилиш, ихтиролар қилиш ёшлигимдан ҳоббим бўлган. Болалигимда мактаб даврида бир икки марта кичик ихтироларим билан конкурсларда қатнашардим», дейди ихтирочи.

ихтиро муаллифи Эркин Атажанов

У янги кўриниш ва функциядаги шамол генераторининг хусусиятлари ҳақида айтиб берди.

«Ҳозиргача мавжуд шамол генераторлари аэродинамик шаклга эга бўлар эди. Бунинг янгилик жиҳати тўғри тўртбурчак шаклга эга бўлган қанотлар орқали ҳаракатланади, шунингдек, ўзини ҳимоя қилиш тизимига ҳам эга. Бизнинг маҳаллий иқлим шароитимизга мослашган, яъни аввалгилардан фарқли 10-12 эмас, балки 7-8 м/с шамолда ҳам ишлайди ва ток ишлаб чиқара олади», дейди у.