Термиз тумани «Солиобод» маҳалласидаги бир гуруҳ фуқаролар берган қарзини қайтариб олишни бир неча йиллаб кутишди. Айримлари ҳамон кутишмоқда.

Маълум қилинишича, Термиз тумани ҳокимининг 2014 йил 30 апрелдаги қарори билан «Солиобод» маҳалласидаги савдо дўконлари бузилади. Мақсад — ҳудудларнинг архитектуравий-режалаштириш қиёфасини янада яхшилаш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини жадал ривожлантириш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ошириш. Бу яхши албатта. Замон ўзгаряпти, барча объектлар ҳам шунга монанд бўлмоғи керак. Бугун буни тушунмайдиган фуқаро кам топилса керак.

Лекин савдо дўкони замонавий бўлмагани учун бузилишига розилик билдирган Баҳодир Баҳромов товон пулини осонликча ололмайди. Туман ҳокимлиги дўкон эгаларига компенсацияни тўлаб беришдан аввал судлашишни маъқул кўради. Натижада объекти бузилган фуқаролар ойлар, йилларни ҳокимият, суд эшигида ўтказиб юборди.

Буни қарангки, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди 2016 йилнинг 25 январида ишни дўкондорларнинг фойдасига ҳал қилиб бўлганди. Ушбу қарордан кейин ҳам бир неча марта қовун пишиғи ўтди. Аммо ҳамон ҳокимиятнинг пул бергиси йўқ. 2018 йилнинг 7 февралида ўша суд ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиш ҳақидаги аризани рад қилиш тўғрисида ажрим қабул қилди.

Эътибор қилинг, ушбу ажримгаям икки йил бўлди!

Kun.uz сайтига Баҳодир Баҳромовнинг турмуш ўртоғи Муҳаббат Чориева мурожаат қилиб, суд қарори бўлишига қарамай, бузилган дўкон компенсациясини ололмай юргани ҳақида хабар берди.

Термиз туманида бўлдик. Муҳаббат опа билан суҳбатлашар эканмиз, имкон қадар у кишидан босиқроқ бўлишни илтимос қилдик. М.Чориевани ваъда, алдов ва сарсонгарчиликлар анча ҳолдан тойдирибди.

Мурожаатчи ҳамроҳлигида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Қаландаровнинг фикрини эшитдик.

Шуҳрат Қаландаров вазиятдан яхши хабардор эканини билдирди. Шунингдек, ҳокимлик нафақат «Солиобод» маҳалласи, балки тумандаги жами 13 нафар фуқарога тегишли нотурар бинолар компенсациясини тўлаб бермоқчилигини маълум қилди. Бу ҳақда 2019 йилнинг 28 ноябрида вилоят ҳокими Тўра Боболов номига чиқарилган хатни ҳам илова қилди.