31 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2019-nCoV коронавируснинг тарқалишини халқаро даражадаги тиббий фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда вирусдан зарарланиш оқибатида камида 259 киши ҳалок бўлган, 11 791 минг киши вирусни юқтириб олган, уларнинг 1795 нафари оғир аҳволда. Вирусдан зарарланиш ҳолатлари Хитойдан ташқари 23 давлатда аниқланган.
Шундай ҳолатда эпидемия ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухан шаҳрида 72 нафар Ўзбекистон фуқароси қолмоқда.
Kun.uz мухбири Уханда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба Роза Ортиқбоева билан боғланиб, карантинда қолаётган шаҳар, у ердаги ўзбекистонлик талабалар аҳволи ҳақида суҳбатлашди.
«Бакалавр босқичини Тошкент текстил ва енгил саноат институтида 2018 йилда тамомладим. Ҳозирда Ухан текстил университетининг магистратура босқичи 2-курсида таҳсил олмоқдаман.
Хитой ва Ўзбекистон ўртасида «Бир макон – бир йўл» лойиҳаси асосида турли келишувлар мавжуд. Улар орасида икки давлат университетларининг ўзаро талаба алмашиш дастури ҳам амал қилади. Шу келишув бўйича ҳозирда Хитойдаман.
Аслида вирус декабр ойида маълум бўлишни бошлади. Вирус ҳақида дастлаб Хитой сайтлари орқали ўқидим. Ўша пайтда мендаги ҳолат унчалик хавотирли эмасди, сабаби бу хабар ҳали бирор рақам ва статистикалар билан тасдиқланмаган эди.
Шунинг учун бошида вирусни Хитойда одатдаги, тез-тез учраб турадиган касаллик деб ўйладим. Уни тезда давоси топилади, деб ўйлагандим», — дейди Роза Ортиқбоева.
– Ҳозир вирусдан сақланиш учун қандай чоралар кўряпсиз?
– Биз шаҳар ҳали карантинга олинмаган пайтдаёқ эҳтиёт чораларини кўриш ҳақида огоҳлантирилганмиз. Сабаби бу каби университетларда халқаро бўлим мутахассислари талабалар билан доимий алоқада бўлиб туришади.
Карантин эълон қилингандан кейин назорат янада кучайтирилди. Масалан, талабаларга ҳар уч кунда 10тадан хавфсизлик ниқоблари берилади.
Университетга кириш ва чиқишда доимий назорат ўрнатилган. Талабалар таълим муассасаси ҳудудига кирганда ҳам, чиққанда ҳам махсус маълумотнома тўлдиришади. Бу маълумотномада ўзининг соғлиғи, чиқишдан мақсади ва бошқа маълумотлар тўлдирилади. Ҳар бир талаба албатта тана ҳароратини ўлчовчи махсус детектор текширувидан ўтади.
Бундан ташқари, кун бошланиши билан барча талабалар «Илтимос, кўчага камроқ чиқилсин, одам кўп тўпланувчи жойга борманг!» мазмунидаги смс хабарнома олишади.










