Муҳокама учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш ҳамда уни Бизнес ва корпоратив бошқарув олий мактаби сифатида қайта номлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Қуйидагилар Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бизнес ва корпоратив бошқарув олий мактабининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:
корпоратив бошқарув, лойиҳа бошқаруви, менежмент, хусусийлаштириш, баҳолаш фаолияти, давлат-хусусий шериклик, комплаенс ва аудит соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқарув органлари аъзолари, хусусан давлат иштирокидаги корхоналар, корпоратив бошқарув соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар, фонд бозори, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари, ички назорат, молиявий-иқтисодий фаолият таҳлили соҳаларида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилишни амалга ошириш;
аҳолининг кенг қатлами учун уларнинг корпоратив бошқарув, миноритар акционерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фонд бозори соҳаларида ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган имтиёзли шартларда қисқа муддатли тренинг курсларни ташкил этиш;
кузатув кенгашларининг мустақил аъзолари ва корпоратив бошқарув бўйича мутахассисларнинг реестрини юритиш ва ушбу соҳада мақсадли курсларни ташкил этиш;
корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этишда услубий таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада раҳбар кадрларни халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ равишда тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илғор мамлакатлар, шу жумладан Жанубий Корея, Сингапур, Германия тажрибасини жорий этиш;
Олий мактабни халқаро миқёсда тан олинган 200 та жаҳоннинг энг нуфузли бизнес мактаблари рейтингига киритиш чораларини кўриш;
бизнес ва корпоратив бошқарув соҳасидаги бизнес мактабларининг халқаро рейтингларини олиш учун етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш;
давлат-хусусий шериклик асосида “икки диплом” (double degree) қўшма дастурларини амалга ошириш ва IELTS, TOEIC, TOEFL ва GMAT талабларини ҳисобга олган ҳолда уларга номзодларни саралашни юқори даражада ташкил қилиш.
















