Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
«Мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кластер усули йўлга қўйилди, экин турлари замон талабидан келиб чиқиб ўзгартирилди. Натижада ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам ошмоқда. Юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 66та мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Унга мувофиқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмоқда. 2019 йил 11 декабрда бу борада Президент қарори қабул қилиниб, барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратиб берилди. Ўтган қисқа вақтда ҳокимликлар томонидан 86 та шундай кластер ташкил этиш бўйича таклифлар шакллантирилди.
Йиғилишда мазкур кластерларнинг режадаги қувватлари, инвестиция миқдори ва экспорт ҳажми бўйича маълумот берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Кластерлар томонидан қайта ишлаш, сақлаш ва қуритиш бўйича 430 минг тонна қўшимча қувватларни ишга тушириш юзасидан 96та лойиҳа режалаштирилгани қайд этилган. Шунингдек, 6 минг гектарда интенсив боғ ва 8 минг гектарга яқин майдонда узумзор барпо қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жорий йилда 410 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти мўлжалланган.
Президент Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кластерлар фаолиятини ташкил қилиш, хорижий экспертлар хулосаси асосида экинларни самарали жойлаштириш, зарур уруғлик ва кўчатларни ҳозирдан тайёрлаш, Молия вазирлигига кластерларни айланма маблағлар билан таъминлаш бўйича топшириқлар берган.
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси кластерларга янги бозорлар топиш ва экспорт қилишда доимий равишда амалий ёрдам бериб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, пахта ва ғалла етиштиришда давлат режасини босқичма-босқич бекор қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари бу ҳақда жорий йил 24 январдаги Мурожаатномасида айтган эди.
«Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди», деган эди Шавкат Мирзиёев.











