Ўзбекистон Республикаси президенти “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ўзбекистонда қишки спорт турларини 2020–2023 йилларда ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Қуйидагилар Дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
Инвестиция дастури доирасида назарда тутиладиган маблағлар;
спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутиладиган Давлат бюджети маблағлари;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, жамғармалар, спорт федерациялари (уюшмалари), клублари, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
2023 йил 1 январга қадар Қишки спорт турлари ассоциацияси, Хоккей федерацияси, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, қишки спорт турлари бўйича профессионал клублари ва нодавлат болалар спорт мактаблари:
мол-мулк солиғи ҳамда жалб қилинган хорижий спортчилар ва мутахассисларнинг даромадларига ижтимоий солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтирилган ҳолда тўлайди;
қишки спорт турлари бўйича спорт объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари ва махсус профессионал спорт кийимлари, транспорт воситалари, шу жумладан, махсус транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг:
2020 – 2023 йилларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ҳудудларда халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий спорт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган енгил конструкцияли ёпиқ муз қопламали майдонларни қуриш;
қишки спорт турлари бўйича хорижий мутахассис ва тренерларни ишга жалб қилиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида белгиланган тартибда хизмат уйлари сифатида уй-жой ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

















