Аввало, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида жойлашган бу қишлоқ аҳлининг ташаббускорлиги, меҳнаткашлигига тўхталиб ўтмоқчимиз. Шу кунга қадар Навандак аҳли бирор масалада ёрдам сўраб ҳеч қаерга мурожаат қилмаган: йўл керак бўлса — ўзи таъмирлаган, кўприк керак бўлса — ўзи қурган; болалар боғчаси ва қишлоқ врачлик пунктини ҳам қишлоқ аҳлининг ўзи ҳашар билан қуриб битказган.

Аммо вақт ўтиб буларнинг бари яна талабга жавоб бермай қўйди. Мавжуд муаммоларни ҳашар йўли билан ҳам эплаб бўлмай қолди. Қишлоқ аҳли айниқса кўприк масаласида ҳокимиятдан ёрдам сўрашга мажбур бўлмоқда.

Навандакка ёғингарчилик кунлари мана бу «кўприк» орқали кириб борасиз:

Сабаби — қишлоқни ташқи дунё билан боғлаб турувчи асосий эски кўприк қачонлардир бузилиб кетган. Сув кўпайса ундан ўтиш имконсиз бўлиб қолади.

Агар сойда сув бор вақтда кимнингдир тоби қочиб қолса, иккита машина ташкил этилар экан. Биринчиси — шу сойгача, одамлар беморни кўтариб амаллаб сувдан олиб ўтгач, нариги томондан келган иккинчи машина беморни шифохонага олиб боради.

Аҳолини энг кўп қийнаётган ҳол — болаларнинг мактабга қатнаши.

«Мактабга ўқувчиларимиз шу кўприкдан ўтиб қайтади. Улар дарсга етиб келгунича ҳам, кетгунича ҳам юрак ҳовучлаб ўтирамиз. Эски металлни кўприк сифатида ўрнатишгани учун устидан одам юрганда ҳар доим қимирлаб туради. Болалар тушиб кетмасин деб қўрқамиз. Ўтган йили ёши катта одам тойиб кетиб оёғи синганди», дейди шу қишлоқда яшовчи ўқитувчи Маҳбуба Умрқулова.

Навандак аҳли бундан ўн йиллар олдин ҳашар йўли билан болалар боғчаси учун бино қурган (Қишлоқда 350 нафарга яқин мактабгача ёшдаги болалар бор). Аммо расман боғча очилмагач, қўшни қишлоқда жойлашган ҚВПнинг филиали ташкил этилган. Шу кунгача мазкур филиал аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Аҳолини қаттиқ норози қилган нарса шуки, ҳашар йўли билан қурилган ана шу филиал аукционга қўйилиб, сотиб юборилган. Ёғингарчилик ойларида қишлоққа кириб чиқиш машаққат, кўприкнинг аҳволи юқорида айтилди. Агар филиал ёпилгудек бўлса битта арзимас муолажа учун ҳамширага учраш ҳам бир ярим минг кишилик қишлоқ аҳолиси учун ҳақиқий муаммога айланади.