Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан тажриба-синов тариқасида олий таълим муассасаларида давлат гранти ва стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) стипендиялар базавий миқдорда (400 минг сўм), шунингдек, “аъло” ўзлаштириш кўрсаткичига эга бўлган талабаларга стипендиялар базавий стипендия миқдорига нисбатан қўшимча 15 фоиз миқдорда тўланган;

тўлов-контракг асосида таълим олиш учун талабаларга уларнинг ўз хоҳишларига кўра, контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш тартиби жорий этилган, бунда стипендияли тўлов-контрактлар таркибида базавий стипендия миқдорининг йиллик суммаси назарда тутилган.

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш бўйича 2019/2020 ўқув йилининг биринчи семестрида тажриба-синов тариқасида амалга оширилган ишлар натижасидан келиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг 2020 йил 1 февралдан бошлаб қуйидагиларни жорий қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди:

давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шакли (ўқитишнинг кундузги шакли) бўйича таълим олаётган талабаларни (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) қатъий белгиланган миқдордаги базавий стипендия билан таъминлаш;

ўқув семестри якуни бўйича фанлардан фақат “аъло” ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи - 86 балл ва ундан юкори) эга бўлган талабаларнинг стипендиясини базавий стипендияга нисбатан 20 фоизга оширилган ҳолда белгилаш;

ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми “қониқарли” баҳо (рейтинг кўрсаткичи - 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) навбатдаги ўкув семестри мобайнида стипендия тайинламаслик;

тўлов-контракт асосида таълим олаётган 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга ошириш;