Бугунги суҳбатдошимиз Даврбек Имомовнинг лавозими расман қуйидагича аталади – «Ҳудудий электр тармоқлари» акционерлик жамияти қошидаги электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишни автоматлаштириш тизимини жорий қилиш ҳамда мувофиқлаштириш дирекцияси директори.

Меҳмонимиз билан «ақлли ҳисоблагичлар» нега «кўп ҳисоблаши», табақалаштирилган тизим қачон ишга тушиши, умуман, янги тизим йўлга қўйилса, электр таъминотига қандай таъсир қилиши ҳақида суҳбатлашдик.

– Даврбек, АСКУЭ, «ақлли ҳисоблагичлар», автоматлаштирилган тизим ўзи нима?

Автоматлаштирилган тизим бу инсон омили таъсирисиз ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд қилиш, қарздорлик мавжуд бўлганда тармоқдан ажратиш, қарздорлик бартараф этилгандан кейин тармоққа қайта улашнинг автоматлаштирилган механизми ҳисобланади.

Бундан ташқари бу диагностика вазифасини ҳам бажаради. Халқ тили билан айтганда «тизим шифокори» ҳисобланади, яъни «касаллик» қайси ҳудудлардалигини, қаерда йўқотишлар кўп, қайси ҳудудда тармоқни реконструкция қилиш кераклигини аниқлаш мумкин.

Дунёда шу тизимга юз фоиз ўтган ягона давлат Италия ҳисобланади. Бошқа давлатларда қисман жорий қилинган, ҳаттоки айрим ривожланган давлатларда ҳали-ҳанузгача индукцион механик ҳисоблагичлардан фойдаланиб келинмоқда.

Автоматлаштирилган тизим жуда кўп афзалликларга эга шу бугунгача назоратчилар фуқароларни ҳар-хил хизмат вазифалари билан безовта қилган бўлса, бу тизимда ҳеч ким фуқарони безовта қилмайди. Турли тамагирлик ҳолатлари камаяди, дебитор қарздорлик ўсишига йўл қўйилмайди, ундирилган маблағлар тизимни ривожлантиришга тармоқлар сифатини яхшилашга сарфланади, тармоқда тижорат йўқотишларни аниқлашга ҳамда камайтиришга хизмат қилади.

2020 йилда 4,5 млн дона ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, бу жараёнга 3000дан ортиқ мутахассислар жалб қилиш керак бўлади.

– Кўпчиликни бир савол қийнайди: янги ўрнатилаётган ҳисоблагичлар кўп ҳисоблайдими? Ҳатто «чироқ ўчган» пайтларида ҳам ҳисоблагич ишлайвераётгани айтилади.

 Янги, замонавий ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилаётган заводларда ҳар бир ҳисоблагич инсон омили таъсирисиз алоҳида, бир нечта босқичли кўриклардан ўтказилади. Яъни давлат метрологик кўрсаткичлари талабига жавоб бермаса, яроқсиз деб топилади ва фойдаланишга чиқарилмайди.