Технология | 10:50 / 13.02.2020
5011
2 дақиқада ўқилади

MWC — энг йирик электроника кўргазмаси коронавирус туфайли бекор қилинди

Янги гаджетлар тақдимоти номаълум муддатга кечиктирилади.

Фото: REUTERS/Nacho Doce

Мобил қурилмалар саноатининг дунёдаги энг йирик кўргазмаларидан бири – Барселонада ўтувчи Бутунжаҳон мобил конгресси (Mobile World Congress, MWC) коронавирус эпидемияси сабабли бекор қилинди. Бу ҳақда кўргазма ташкилотчилари - GSMA уюшмаси маълум қилди.

Бунга дунёнинг турли бурчакларидан келувчи тадбир меҳмонларининг хавфсизлигига таҳдид соладиган коронавирус сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

«GSMA коронавирус эпидемияси билан боғлиқ глобал хавотир, сафарлар билан муаммолар ва бошқа ҳолатлар тадбирни ўтказишни имконсиз қилиши сабабли MWC-2020’ни бекор қилди», дейилган хабарда.

Кўргазма 24-27 февраль кунлари Барселонада бўлиб ўтиши керак эди. Mobile World Congress мобил индустриянинг энг йирик кўргазмаларидан бири ҳисобланиб, унда мобил алоқа соҳасидаги энг охирги ишланмалар намойиш қилинади. Кўргазмага ҳар йили 100 мингдан кўпроқ одам ташриф буюради.

Ушбу кўргазмага энг йирик мобил мослама ва аксессуар ишлаб чиқарувчилари ташриф буюришаётган эди. Уларнинг кўпчилиги энг муҳим маҳсулотлари тақдимоти учун ушбу майдонни танлашади. Масалан, бу йил MWC’да Xiaomi Mi 10, шунингдек, Sony, ZTE, TCL ва бошқа бир қатор компанияларнинг янги смартфонлари намойиш этилиши кутилаётганди.

Кўргазмани бекор қилиш қарори бир неча ўнлаб йирик компаниялар, жумладан Amazon, Ericsson, Facebook, Intel, LG, Nokia, Sony, Vivo, Nvidia, Cisco ва HMD унда иштирок этмаслигини эълон қилгандан кейин қабул қилинган. 

Бу компанияларнинг барчаси Хитой ва Осиёнинг бошқа мамлакатларидан минглаб журналистлар иштирок этувчи тадбирда ўз ходимлари саломатлигини хавф остига қўймаслик учун шундай қарорга келишган.

13 февраль ҳолатига кўра, янги коронавирус билан касалланганлар сони 60 минг кишидан ошди. Вирус 1310 кишини ҳаётдан олиб кетди, шунингдек, 5600дан ортиқ киши соғайиб кетган.

Назокат Қаршиева
Тайёрлаган Назокат Қаршиева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид