11 февраль куни Нью-Ҳэмпширда ўтказилган праймериз триумфатори, Вермонт штатидан мустақил сенатор Берни Сандерс овоз бериш натижаларини «Трамп даврининг тугаши» деб атади.

Нью-Ҳэмпширдаги праймеризда (бошланғич сайлов) демократларнинг 280 мингга яқин вакили қатнашди ва уларнинг 26 фоизининг овози 78 ёшли Сандерсга - ўта сўл қарашларга эга сиёсатчига насиб этди.

Аммо у ўзининг энг яқин таъқибчиси, марказчиларнинг қарашларини ифодаловчи 38 ёшли Пит Буттиджични катта фарқ билан ортда қолдира олмаган - 1,6 фоиз, бу тахминан 4300 овоз дегани.

Нью-Ҳэмпшир штатидаги праймериз натижаларидан кейин АҚШдаги кузатувчилар Сандерс ноябрь ойидаги президентлик сайловларида Демократлар партиясидан номзод бўлиши мумкинлигини тан олишмоқда.

«2016 йилги кампания вақтида демократлар уни ҳаддан ташқари сўл ва радикал номзод сифатида маъқуллашмаганди. Аммо, афтидан, Байден ҳаддан ташқари кўп хато қилди, худди ўз вақтида Ҳиллари Клинтон билан бўлгани каби. Унинг номзоди Демократлар партиясининг ашаддий тарафдорларига ҳам ёқмаяпти», - дейди сиёсатшунос, Стони-Брук университети профессори Жонатан Сандерс.

АҚШда Берни Сандерсни социалист деб ҳисоблашади. Рақиблари доимо у ёшлигида Америка Социалистик партиясининг ёшлар қаноти аъзоси бўлгани, 1980-йилларда 10 кун давомида Совет Иттифоқи ҳудудига сафар қилгани, «асал ойи»ни айнан шу ерда ўтказганини эслатишни яхши кўришади.

Маҳаллий вақт билан 12 февралга ўтар кечаси Демократик партия аъзолари овоз берган сайлов участкаларининг 90 фоизидаги натижалар эълон қилинди. Расмий маълумотларга кўра, мустақил сенатор Индиана штатидаги Саут Бэнд шаҳрининг собиқ мэри Пит Буттиджични бироз фарқ билан ортда қолдириб, 26 фоиз овоз олган. Миннесота штатидан сенатор бўлган Эмми Клобушар учинчи бўлган, у 20 фоиз овоз олган.

BBC

Праймериз натижалари эълон қилинишидан бир неча дақиқа олдин Нью-Ҳемпшир штатидаги тарафдорлари олдида чиқиш қилган Сандерс президентлик лавозими учун Демократик партиядан айнан ўзи номзод бўлишини маълум қилди.

«Биз ғалаба қозонамиз. Айовада одамлар шундай овоз беришди, бу ерда ҳам ғалаба қозондик, энди Невада ва Жанубий Каролинага йўл оламиз ва у ерларда ҳам ғалаба қиламиз», дейди у.

Нью-Ҳемпшир штатидаги бошланғич сайлов натижаларидан кейин президентлик учун икки номзод сайловолди пойгасини тарк этишга мажбур бўлди. Тадбиркор Эндрю Янг ва колорадолик сенатор Майкл Беннет мағлубиятни тан олди. Шу тариқа, кейинги сайловда Демократик партиянинг тўққиз номзоди иштирок этади.