Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳокимликлар томонидан 1993 йил 18 сентябрдан 2020 йил 1 мартга қадар қабул қилинган жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ўз кучида бўлган қарорларни 2020 йил 1 сентябргача хатловдан ўтказиб, тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинишини таъминлайди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давергеодезкадастр ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – “E-hudud” тизимини 2021 йил 1 январга қадар синов тариқасида ишга туширилишини таъминлайди:
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнини бошқариш ва назорат қилиш, шу жумладан, зарурат туғилганда масъул идоралар, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишдаги виза қўйишни амалга ошириш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорликни, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш жараёни мониторинг қилинишини таъминлаш.
“E-hudud” электрон тизимдан фойдаланишда қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
“E-hudud” электрон тизимининг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш;
“E-hudud” электрон тизимининг функционал имкониятларини кенгайтириш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўриш, тизимдан фойдаланиш жараёнида техник ёрдам кўрсатиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда “E-hudud” электрон тизимининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
тизимдан фойдаланувчилардан келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда “E-hudud” электрон тизимини мунтазам такомиллаштириш ва модернизация қилиш;















