Ўзбекистон | 12:04 / 18.02.2020
7149
4 дақиқада ўқилади

Аҳолига интерактив хизмат кўрсатиш бўйича геопортал жорий этиляпти

Тизимда нафақат давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, балки аҳолига интерактив хизматлар тақдим этиш ҳам кўзланган

Фото: Давергеодезкадастр

«Давергеодезкадастр» қўмитаси ҳамда Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази томонидан аҳолига интерактив хизмат кўрсатиш мақсадида геопортал жорий этилмоқда.

Геопортал тизимидан мақсад харита тузиш ишларида инсон омилини камайтириш ҳамда юқори аниқликда маълумотлар олиш учун замонавий технологиялар, яъни масофадан зондлаш (remote sensing), Глобал навигацион сунъий йўлдошлар тизимларидан (ГНСС) фойдаланиб мавжуд маълумотларга солиштириш орқали ноқонуний эгалланган майдонларни аниқлаш, навбатчи қишлоқ хўжалиги хариталарини юритиш, ҳар йиллик ҳосил учун қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги экинлари экилган майдонларда мониторингини олиб бориш, таҳлил қилиш ва прогнозлаш ишлари, давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш учун асос яратишни автоматлаштиришдан иборат.

Тизимда нафақат давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш маълумотларини тўплаш, таҳлил қилиш, балки шу маълумотлар асосида аҳолига интерактив хизматлар тақдим этиш ҳам кўзланган.

Аҳолига интерактив хизмат кўрсатиш бўлими 5 та модулдан иборат. Улар қуйидагилар: «Тадбиркорлар учун»; «Саёҳат»; «Менинг юртим - менинг харитам»; «Интерактив ўқув хариталари»; «Келажак харитаси».

«Тадбиркорлар учун» таклиф қилинадиган захирадаги ёки вақтинчалик ҳокимият тасарруфидаги ҳамда самарасиз фойдаланилаётган ер майдонлари ва уларнинг балл-бонитети, бино ва иншоотлар тўғрисида маълумотлар (объектнинг харитадаги жойлашган ўрни, фотосурати, параметрлари ва мутахассис томонидан берилган таклиф)ни олиш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, мазкур модулда ўзини қизиқтирган бўш ер майдонини олиш ва электрон аукционда иштирок этиш порталига чиқиш гиперҳаволаси мавжуд. Бу эса тизим ишлашида шаффофликни таъминлаб, ер участкасини олиш билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олади.

«Саёҳат» модули республикада туризмни ривожлантириш мақсадида барча диққатга сазовор жойлар, музейлар ва дам олиш зоналари ва улар атрофига яқин меҳмонхона, ресторан, кафе ва бошқа объектлар тўғрисида тўғри ва тўлиқ маълумотлар олиш ҳамда маршрутни белгилашдан иборат.

«Менинг юртим - менинг харитам» акциясида мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали ёки тизимда рўйхатдан ўтиб, ўзлари билган жойлар тўғрисида маълумот киритиши ёки мавжуд маълумотларни таҳрирлаш имконига эга бўлишади. Киритилган маълумотлар қўмита мутахассислари томонидан кўриб чиқилади ва ҳар ойда «энг кўп маълумот киритган сайт аъзоси», «энг тўғри маълумот киритган сайт аъзоси» номинациялари бўйича маълумотлар бериб борилади.

Ҳозирда мавжуд статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда «интерактив ўқув хариталари» яратиш, мактаб ўқувчисидан тортиб то соҳада фаолият олиб бораётган ходим ўзи учун керакли ва қизиқарли бўлган маълумотларни тез, аниқ ва қулай усулда олиш имконига эга бўлишади.

«Келажак харитаси» бу яқин келажакда Ўзбекистоннинг бой тарихи ҳамда табиатини тўлалигича кўрсатиб берадиган интерактив уч ўлчамли анимацион хариталар яратиш ишларига мўлжалланган.

Мавзуга оид