Президент Шавкат Мирзиёев кадастр тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда республика даражасида фаолият юритаётган ходимларнинг камида 30 фоизини туманларга ўтказиш, шунингдек, республика, вилоят ва туман даражасидаги Кадастр палатаси ҳамда хизмат кўрсатиш тузилмаларини бирлаштириш назарда тутилган.
Тузилмавий ўзгаришлар жараёнида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бир ҳафта ичида «Кадастр маслаҳат бурчаги» ва «Тезкор кадастр» хизматларини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ юзага келганда ариза автоматик равишда шакллантирилиб, фуқароларга проактив хизмат кўрсатилади. Бу орқали ҳар йили 1 миллион 200 минг нафар аризачининг вақти ва маблағини тежаш режалаштирилган.
Ислоҳотлар доирасида кадастрга оид барча хизматларни битта ариза асосида кўрсатиш тизими ҳам жорий этилади. Натижада йилига 200 мингдан ортиқ ортиқча ариза расмийлаштиришга эҳтиёж қолмайди.
Бундан ташқари, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни тўлиқ онлайн шаклга ўтказилади. Бунинг натижасида ҳар йили 500 мингга яқин аризани амалдаги 10–15 кун ўрнига бир неча сония ичида рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилади.











