Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати Қозоғистондан Ўзбекистонга кўчирилгани тўғрисида Халқаро оғир атлетика федерацияси матбуот хизматига асосланиб хабар бергандик.

Хабарда бундай қарорга келинишига Хитойда коронавируснинг янги тури тарқалиши сабаб бўлгани кўрсатилган. Қозоғистон ҳукумати Хитой билан чегарадош мамлакатлардан бўлган йўловчиларнинг ҳаракатига чекловлар киритгани сабабли Осиё оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси вазиятни зудлик билан муҳокама қилган ва Осиё чемпионатини Ўзбекистонга кўчириш тўғрисидаги қарорга келган. Шу тарзда турнир 16-25 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

 Ижтимоий тармоқларда бу қарор турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Спорт ишқибозлари нуфузли турнирга Тошкент мезбонлик қилишидан хурсанд бўлган бўлсалар, кўпчилик фойдаланувчилар бу қарорни эҳтиётсизлик оқибати дея баҳолаганлар.

 Хўш, коронавирус туфайли Қозоғистонда ўтказилмайдиган бу турнир Ўзбекистонда ўтказилиши хавфсизлик нуқтаи назаридан қанчалик асосли?

 Бу саволга жавоб олиш учун дастлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғландик. Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев вазиятни шундай изоҳлади:

 – Хавотирга ўрин йўқ. Бу турнир Қозоғистонда ўтказилмаётганининг ягона сабаби Хитой билан бу давлат ўртасида йирик чегара ҳудуди бор ва белгиланган карантин ҳамон амалда турибди. Ўзбекистоннинг Хитой билан бевосита чегараси йўқ, қолаверса, бу турнир доирасида ҳам, унга қадар ва ундан кейин ҳам мамлакатимизга кириб келувчи ҳар бир меҳмон алоҳида текширувдан ўтказилади. Мусобақа жараёнида ҳам шифокорларнинг мунтазам кузатуви олиб борилади. Бу турнирнинг юртимизда ўтказилиши Ўзбекистон спорти учун ёрқин бир саҳифа бўлади, деб ўйлайман.

 Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси биринчи вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудовнинг ҳам фикрлари билан қизиқдик.

 – Тошкент бу нуфузли мусобақани ўтказишга тайёр. Ўзи аввалданоқ мезбонликка Қозоғистон ва Ўзбекистон асосий даъвогар бўлиб турганди. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб дарҳол Тошкент вариантида тўхталишди. Ҳолбуки Таиланд, Филиппин каби давлатлар ҳам даъвогар бўлишганди. Аммо уларнинг ўзида ҳам коронавирус хавфи, допинг можаролари туфайли бу мусобақа мезбонлиги берилмади.

Турнирнинг Тошкентда ўтказилиши бизга қатор афзалликларни беради. Унутмаслик лозим, бу Токио олимпиадаси учун бериладиган охирги лицензион турнир. Айни шу кунларда спортчиларимизнинг бошқа давлатдаги турнирда қатнашиб келиши ҳам тайёргарликка салбий таъсир қилиши мумкин эди, бу ҳолат ўз-ўзидан бартараф бўлди. Спортчиларимизга бу турнирда спорт тили билан айтганда “қадрдон деворлар ҳам ёрдам беришади”.