Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси 2020 йил 14 январь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси Муродбек Каримовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини бекор қилди.

Суд ажримида қуйидагилар баён этилади:

«...биринчи инстанция суди ишни кўришда қонун ва Олий суд Пленуми қарорлари талабларига риоя қилмаган.

...М.Каримовга нисбатан жиноят иши Тошкент шаҳар прокурори ёки унга тенглаштирилган прокурор томонидан қўзғатилиши лозим эди. Лекин унга нисбатан жиноят иши 2018 йил 25 апрель куни ... Чилонзор тумани прокурори томонидан, яъни ваколатсиз шахс томонидан қўзғатилган.

...Бироқ, иш бўйича барча тергов ҳаракатлари тергов гуруҳи аъзоси (суд материалларига кўра, Чилонзор прокуратурасида иш ўрганувчи – таҳр.) ҳисобланган Ж.Яхшибоев томонидан олиб борилган, айб эълон қилинган, шунингдек, айблов хулосаси ҳам у томонидан тузилиб, ЖПК талабларига риоя қилинмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати барча дастлабки тергов ҳаракатлари ваколатсиз шахс томонидан ўтказилганлигини инобатга олиб,

...жиноят ишида мавжуд бўлган барча далилларни номақбул далил деб топишни лозим топади.

М.Каримовнинг жиноят ишини тергов қилишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлиги ўз тасдиғини топмади.

Айни вақтда, М.Каримовни айбли деб топиш учун дастлабки тергов жараёнида тўпланган далиллар етарли эмас ва унинг айбини тасдиқловчи далилни тўплаш имконияти ҳам мавжуд эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, апелляция инстанцияси судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳукмини қонуний ва асосли, деб бўлмайди, деб ҳисоблаб, уни бекор қилишни ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни лозим топди.

«Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг 2018 йил 2 октябрдаги Каримов Муродбекни ЎзР ЖКнинг 140-моддаси 3-қисмининг «а» банди, 236-моддаси 2-қисми билан айбли деб топиш ҳақидаги ҳукми бекор қилинсин.

Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда М.Каримовнинг қилмишида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли ЎзР ЖПКнинг 83-моддаси, 2-бандига асосан реабилитация қилиниб, унга нисбатан жиноят иши тугатилсин», - дейилади суд ажримида.