Ўзбекистон | 17:16 / 19.02.2020
94868
2 дақиқада ўқилади

Ботир Парпиев вазир ўринбосарига айланди

Давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиев Маҳалла ва оила масалалари вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.

Ботир Парпиев / Тошкент вилояти матбуот хизмати

Бугун, 19 февраль куни, Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда янги ташкил этилган Маҳалла ва оила масалалари вазирлигига вазир ўринбосарлари тайинланди.

Kun.uz манбаси тасдиқлашича, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаш раисининг кексалар ва фахрий масалалари бўйича ўринбосари Ботир Парпиев янги вазирликда вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Маълумот учун, у 1990-йилларда ички ишлар тизимида ишлаган, 1998-2002 йилларда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, 2002 йилнинг июнь ойидан декабрь ойигача – Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири, 2002-2004 – Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, 2003 йилда божхона хизмати генерал-лейтенанти унвонини олган.

2004 йилдан Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаган Ботир Парпиев 2018 йилнинг майида лавозимидан озод этилган, кейинроқ «Маҳалла» кенгаши раиси ўринбосари лавозимида ишлай бошлаганди.

Эслатиб ўтамиз, «Маҳалла» кенгаши раиси Раҳмат Маматов Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига номзод сифатида маъқулланган, Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов эса ўз лавозимини сақлаб қолган ҳолда вазир ўринбосари лавозимига тайинланган.

Мавзуга оид