Қонуннинг 24-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур бўлган даражада билиш талаби қўйилган. Бу энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган моддалардан бири бўлди.
Депутат Расул Кушербаевнинг фикрича, бундай талаб қўйишда миллатларнинг этник келиб чиқиши ва тил хусусиятларини инобатга олиш керак.
«Масалан,Марказий Осиё халқлари ҳар қанақа тилни осон ўргана оладиган этник келиб чиқишга эга. Лекин Ўзбекистонда яшаётган айрим бошқа миллат вакиллари ўзбек тилида мулоқот қилишга қийналиши мумкин. Шунинг учун миллатлар этник келиб чиқишини ҳисобга олиш зарур», – деди Кушербаев.

Спикер ўринбосари Алишер Қодиров эса Ўзбекистон фуқароси бўлишни хоҳлаган одам давлат тилида ҳеч бўлмаганда ўзи ҳақида гапириб бера олиши керак, деб ҳисобламоқда.
«Фуқаролик беришда тил ҳақида қўйилган талабни тўғри деб ҳисоблайман. Ўзбекистон Республикасида давлат тили – ўзбек тили. Республикада ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун, фуқаро давлат тилида мулоқот қила олиш учун тилни минимал даражада билиши зарур. Ҳар қанақа этник келиб чиқишдан қатъи назар, бу талаб тўғри», – деди Қодиров.

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромовга кўра, Ўзбекистонда яшаётган фуқаролиги йўқ шахсларнинг асосий қисмини ўзбеклар ташкил қилади.
«Шунинг учун тил билан боғлиқ талаб уларга муаммо туғдирмайди», – дея аниқлик киритди Икромов.
Қонун асосида, давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамасига берилиши мумкин.
«Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти мавжуд. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартибини ваколати даражасида мазкур ташкилот кўриб чиқиши энг мақбул йўл», – деди Алишер Қодиров.
Қонуннинг 6-моддасида 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга кириб келган ва доимий пропискага ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда бу қонун кучга кирган кунга қадар Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс, истак билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши назарда тутилган.
















