Туркия Республикаси президенти саройида Ўзбекистон Республикаси президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Унда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, икки давлат мадҳиялари янгради.  

Икки давлат делегацияси вакиллари таништирилди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бошланди. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, учрашувда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, биргаликда янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбарлари учрашувда ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. 

Айни вақтда Анқара шаҳрида Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бошланиши кутилмоқда.  

Бу кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот формати ҳисобланади. У 2018 йили давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган.   

Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида олиб боради.  Сиёсат, хавфсизлик, мудофаа, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт,  қишлоқ хўжалиги, фан, таълим, маданият,  соғлиқни сақлаш ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини белгилайди. Шунингдек, қўшма лойиҳаларнинг бажарилишини назорат қилади.