Бу асоссиз янгилик нафақат Telegram-каналларда, балки хориждаги бир нечта янгилик сайтларида ҳам берилди.
Тармоқнинг ўзбек сегментида тарқалган хабарда шундай дейилади:
«Саудия Арабистони зиёратчиларнинг лицензияси нархини етти баравар арзонлаштирганини эълон қилди. Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири ўринбосари Абдулфаттоҳ Масхат Саудия Арабистони расмийларининг Умра лицензиясининг нархини 2000 риёлдан (530 доллар) 300 риёлгача (75 доллар) камайтириш ҳақидаги қарорини эълон қилди».
Бу хабар англашилмовчилик ва маълумотни текширмасдан эълон қилиш ортидан тарқалиб кетган.
«Янгилик»нинг ўзбек тилида тарқалган ва хориждаги бир нечта сайтларда берилган варианти бир-бирига ўхшаш бўлиб, уларнинг барчаси бир манбага бориб тақалади. Бу манба – араб оламидаги энг нуфузли газеталардан бўлмиш «Asharq Al-Awsat» сайтида 12 февраль куни берилган қуйидаги хабардир.
«Ҳаж ва Умра вазири ўринбосари Абдулфаттоҳ Масхат такрорий зиёратга келаётганлар учун [доимий ставкадан юқори] виза тўлови бекор қилинишига оид қарорга изоҳ берар экан, буни «оқилона қарор» деб таърифлади. Унинг сўзларига кўра, бу қарор – Подшоҳликнинг Макка ва Мадина шаҳарларига дунёнинг барча нуқталаридан мусулмонларнинг келишини осонлаштиришга интилишини кўрсатади.
Қарорга биноан, зиёрат рухсатномаси нархи 300 риёл (75 доллар) этиб белгиланди. Таққослаш учун, ўтмишда бу нарх 2000 риёл (530 доллар) бўлган», – дейилади хабарда.
Бунда назарда тутилаётган қарор 2019 йил сентябрь ойида қабул қилинган бўлиб, унга асосан Ҳаж ва Умрага қайтадан борганлик учун тўланадиган бож 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинган.
Бунга қадар ушбу бож қиймати 2000 риёл (530 доллар атрофида) бўлган. Яъни Ҳаж ёки Умрага иккинчи, учинчи ва ҳоказо маротаба бораётганлар виза учун ана шунча тўлашлари керак эди. Бу тартиб ва нарх 2016 йил сентябридан бери амал қилиб келаётганди.















