Қуйида ушбу суд иши билан боғлиқ тафсилотлар, «ЮКОС» нефть компанияси ва унинг хўжайини Михаил Ходорковский атрофидаги воқеаларга тўхталамиз.

«ЮКОС» ва унинг эгаси Ходорковский

1992 йил Россияда мамлакатнинг биринчи президенти Борис Ельцин томонидан имзоланган «Россия Федерациясида нефть соҳасида самарали иш олиб бориш ва истеъмолчиларга нефть маҳсулотларини етказиб бериш самарадорлигини ошириш ҳақида»ги 1403-сонли фармони эълон қилинади.

Бу фармон асос қилиниб бир нечта нефть компаниялари ташкил этилади. Жумладан, Россия ҳукумати раиси Виктор Черномирдиннинг 354-сонли қарори билан 1993 йил «ЮКОС» нефть компаниясига асос солинади. Унинг таркибига Россиядаги ўнлаб нефтни қайта ишлаш заводлари киритилади.

1995 йил Россия давлат мулкларини назорат қилиш қўмитаси томонидан «ЮКОС»ни хусусийлаштириш ҳаракатлари бошланади. 1996 йил декабрда унинг назорат акция пакетини Михаил Ходорковский бошчилик қиладиган Group Menatep Limited (GML) сотиб олади. Ушбу компания таркибида Россиядаги бир нечта таниқли тадбиркорлар бор эди.

Компанияда акциядорларнинг улушларидаги фарқлар катта бўлмаса-да, «ЮКОС»нинг амалдаги эгаси Ходорковский эди. Ходорковский 1990-йиллар бошида Борис Березовский, Владимир Гусинский ва Роман Абрамович қаторида Россиядаги норасмий «ишбилармон тўртлик» аъзоси эди. Бу тўртлик баъзида аёвсиз рақобатда киришса, баъзан бир-бирига ёрдам берарди.

Ходорковский «ЮКОС»нинг эгаси бўлганидан сўнг бошқа компаниялар сингари у ҳам бирин-кетин бошқа кичикроқ корхоналарни ўз таркибига қўшиб бораверади.

1997 йил «ЮКОС» акциядорлари «Роспром» гуруҳига қўшилиш ҳақида қарор қабул қилади.

ЮКОС ва Ходорковский бошида қора булутлар

1998 йил май ойида «ЮКОС»нинг асосий нефтни қайта ишлаш корхоналари жойлашган Нефтюганск шаҳри мэри Владимир Петухов «ЮКОС» компанияси маҳаллий бюджетга солиқ тўламаётгани ҳақида айблов билан чиқади.

Бунга жавобан «ЮКОС» маҳаллий бюджетга жами 120 миллион рубль солиқ тўлагани, мэр эса бюджет маблағларини ўзлаштириб юбориб, энди компанияга туҳмат қилаётганини билдиради.

Шундан сўнг Петухов очлик эълон қилади ва Москвадан «ЮКОС»нинг солиқ тўламагани бўйича суриштирув ўтказишни, компанияни давлат ҳисобига қайтариб олишни сўрайди. Бу воқеалардан икки ой ўтиб Петуховни ишга кетаётганда пулемёт-тўппончадан отиб ўлдиришади. Қотилликни «ЮКОС»нинг хавфсизлик бўлими ходими амалга оширгани аниқланиб, қотил қамалади.