Ўзбекистон | 15:59 / 22.02.2020
11136
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилар сабрни ўрганишса, светофорда қўшимча секциядан фойдаланиш мумкин

Чорраҳаларни тартибга солувчи светофорларда чап томон учун бурилиш секцияси нима учун жорий этилмаяпти? Мутахассислар фикрича, бу зиддиятларни камайтиради, аммо тирбандликлар сони ошади. Шунинг учун бир томонлама ҳаракатланиш масаласи ўрганилмоқда.

ИИВ ЙҲХББ медиа марказида бўлиб ўтган тадбирда Тошкент шаҳрининг йирик чорраҳаларини тартибга солувчи светофорларда чапга бурилиш учун қўшимча чироқлар қачон пайдо бўлиши масаласи ҳам кўтарилди. Мутасаддилар Kun.uz мухбири саволига жавоб берар экан, шаҳардаги автомобиллар сони ортиши билан айни мавзу ўрганилаётгани, тез орада бу амалиётга қайтилиши, шу билан бирга, ҳайдовчилар сабрли бўлишлари талаб этилишини билдиришди.

Жамшид Каримов
ИИВ ЙҲХББ бошлиғининг биринчи ўринбосари

-  Аксар чорраҳаларда светофорларда чапга бурилиш секцияси нимагадир қўлланилмайди. Бу жаҳон тажрибасида бор амалиёт, қолаверса, миллий ЙҲҚда ҳам бор қоида. Шу билан бирга, 10 йил аввалги автомашиналар сони билан ҳозиргисини таққослаб бўлмайди. Чорраҳаларда учинчи қатордан чапга бурилиш ҳолларини кузатяпмиз. Буни ЙПХ ходимлари ҳам кузатаётгандир. Аммо, чора кўриш амалиёти қанчалик йўлга қўйилган. ЙПХ ходими, оддий сержант, чорраҳада хизмат вазифасини ўтамоқда ва камчилик нимада эканини кўрмоқда. У сизларга фалон чорраҳага қўшимча секция қўйиш керак, деган таклиф билдира оладими? 

-  Тўғри айтдингиз, бу масалани. Илгари Тошкентда кўп чорраҳаларга қўйилган. Ҳозирда, чорраҳалардаги светофорлар 2 босқичда ишлаяпти, агарда чапга бурилиш учун алоҳида секция ўрнатилса, айланиш даври ошади, бир дақиқа эмас, бир ярим дақиқа бўлади, бу яна тирбандликларни келтириб чиқаради. Сизнинг таклифингизнинг яхши томони бор, нуқтадаги зиддият камаяди, лекин тирбандликка олиб келади. 

Бир вақтлар бу амалиётдан воз кечганмиз, аммо, тўғри у вақтда транспорт воситалари сони ҳозиргидек бўлмаган. Ҳозир, кўпайди, аммо чорраҳанинг 4 томонидан ҳам кўпайди. Рухсат берадиган бўлсак, 4 томонга ҳам чап томонга рухсат бериш керак бўлади. Мутахассислар бу масалани ўрганиб чиқиши лозим. 

Барибир бу нарсага қайтяпмиз, аммо қандай (усулда) қайтамиз. Ҳозирда, бир томонлама ҳаракатни ўйлаяпмиз, бунда бу саволга ҳожат қолмайди. Ҳар бир ҳолатни ўрганиб чиқишимиз талаб этилади. (Ҳайдовчилар) сабр қилса, жорий қилиш мумкин. Бунинг учун ҳайдовчилар сабр қилишни ўрганишлари керак.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид