Жанубий Кореяда янги коронавирус юқтиришнинг 204та ҳолати қайд этилди. Мамлакат эпидемия кўлами бўйича дунёда Хитой (75 мингдан ошиқ бемор) ва Япониядан (700дан ортиқ зарарланиш) кейинги учинчи йирик ўчоққа айланди.
Хитойлик икки журналист Ухандаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб беришди. Улар ҳозир қаердалиги номаълум
Жанубий Кореяда вирусдан зарарланганлар сони ҳафта бошида 30 нафардан ошмасди, аммо пайшанба кунига қадар рақам 100га етиб, жума кунги ҳолатга кўра 200дан ортди. Шундан сўнг, бош вазир Чон Се Гун мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Сеулдан 300 км узоқликда жойлашган, 2,4 миллион аҳоли яшовчи Тэгу шаҳри Covid-19’нинг бу мамлакатдаги асосий ўчоғи бўлиб турибди.
Жанубий Корея расмийлари касалланишнинг 204 ҳолатидан камида 144тасини Синчонджи христиан диний ташкилоти билан боғламоқда. Ташкилотга 1984 йилда ўзини Исо Масиҳнинг янги тимсоли деб атовчи воиз Ли Ман Хи томонидан асос солинган.

Секта деб ҳисобланувчи ушбу ташкилот умумий ҳисобда турли мамлакатларда 200 мингдан ортиқ издошларига эга. Хабарларга кўра, Синчонджи аъзолари хизмат пайтида жисмоний алоқа қилишади ва касалликларга бефарқ эканликлари айтилади. Улар абадий ҳаётга ишонишади, уларнинг наздида фақат иймони заиф кишилар касал бўлади ва ўлади.
Тэгу шаҳрида коронавирус тарқалишининг сабабчиси деб Синчонджининг 61 ёшли издоши ҳисобланмоқда. Касаллик аломатлари унда 10 февраль куни юзага келган, аммо хабарларга кўра, у чет элга чиқмаганини важ қилиб, вирус таҳлилидан икки марта бош тортган. Аёл 18 февралдаги қатъий Covid-19 ташхисигача камида иккита диний маросимда қатнашишга улгурган. У Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланган 31-шахс бўлди ва ҳозирда ушбу вируснинг мамлакатдаги аниқланган асосий тарқатувчиси бўлиб турибди. Унинг ўзи кимдан юқтиргани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.




















