Биз воқеликка баҳо беришда кўпинча оқ ва қора якрангликдан иборат мезонлардан фойдаланамиз. Азал ишонган идеалларимиз ҳам шундай: ёвузлик ва эзгулик курашади, бир томон шубҳасиз ёмон, иккинчи томон албатта яхши бўлади. Ва оқибатда эзгулик ғалаба қозонади (ёки ғалаба қозонган томон эзгу бўлиб чиқади).

Афсуки, ҳаётда ҳаммаси бундай оддий ва аён ажралиб турмайди. У ёки бу ҳодисанинг сабабларини ўргана бошлар экансан, вазият чалкашлиги, мураккаблиги ва турли жараёнларга боғлиқлигини кўрасан.

Шундай ҳолатда сабабларни топиш, оқлаш ёки қоралаш эмас, таҳлил қилиш лозимлигини англайсан.

Бугунги кунда ноқонуний қурилган уй-жойлар масаласига тўхталганда ҳам, шундай: тортишув, кўз ёши, ҳатто қон тасвирларига қараб эҳтирос билан турли баҳоларни беравермай, шунга олиб келган сабаблар ҳақида мушоҳада қилиш ва бундан кейин нима бўлади, деган савол устида ўйлаш муҳим.

Ноқонуний уй-жойлар масаласида бу қадар тушунмовчилик ва зиддиятлар келиб чиқишининг сабаблари нима?

Бу воқеаларни ўтган йилги «снос» билан умумлаштириб тақдим қилиш нақадар тўғри?

Бундан кейин давлатнинг ноқонуний қурилган уй-жойларга нисбатан сиёсати қандай бўлади?

Аввало, сабаблар хусусида

1. Демография ва уй-жой қурилиши. Фуқароларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш юзасидан узоқ йиллар етарлича ҳаракат қилинмади. Айниқса, қишлоқ жойларда аҳоли учун ҳамёнбоп турар жой бинолари қуриш масаласи эътиборга олинмади.

Хусусан, 2009-2017 йиллар давомида 81 992 та уй қурилди, 6 624 та уй-жой массиви барпо этилди. Мамлакат аҳолиси сони эса бу даврда 27 миллиондан 32 миллионгача ошди. Табиийки, уй-жой қурилиши шиддати аҳоли ўсиш шиддатидан анча ортда қолди.

Қолаверса, намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойларни сотиб олишга қишлоқ аҳолисининг қурби етмайдиган ҳолат ҳам кўп эди. Лойиҳани «реализация қилиш» учун бу уйлар уй-жойи бор, ўзига тўқ аҳолига, фермерларга, тадбиркорларга мажбурлаб сотилди. Шунга қарамай, лойиҳа қишлоқ аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қоплай олмади.

Одамларга шароитига мос ва ҳамёнбоп уйлар қурилмагани ва шиддатли демографик ўсиш бугун уй-жой танқислиги муаммосини келтириб чиқарди.