У ташрифини мамлакат ғарбидаги Гужарот штатида жойлашган Аҳмадобод шаҳридан бошлади. Бу ерда у жаҳондаги энг йирик крикет стадиони бўлмиш «Мотера» стадионида чиқиш қилди.

Президентнинг нутқини стадионда йиғилган 100 мингдан ортиқ киши тинглади, улар орасида асли гужаротлик бўлган, баъзида «ҳинд Трампи» деб ҳам аталувчи Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳам бор эди.

Трампнинг ташрифидан мақсад сифатида жаҳондаги икки йирик демократик давлат ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш айтилганди. Ҳиндистондагилар Трампнинг «Мотера»даги чиқишини Модининг 2019 йил 22 сентябрида Ҳюстонда қилган чиқишига тенглаштиришмоқда.

Трампни қаршилаш стадионга элтувчи йўлдаёқ бошланганди: «Мотера»гача йўл (22 км) бўйлари икки давлат раҳбарлари тасвирланган ва турли шиорлар акс этган билбордлар билан тўлганди. Йўл бўйида АҚШ президенти шарафига мамлакатнинг турли штатларининг маданиятини ифодаловчи артистлар ва фолклор жамоалари иштирокида чиқишлар уюштирилди.

Гужарот аҳли Трампни олқишлади / GETTY IMAGES

Стадионга АҚШ президенти британиялик мусиқачи Элтон Жоннинг мусиқаси садолари остида кириб келди. Ҳинд халқига мурожаатини Дональд Трамп «намасте» (ҳиндча саломлашиш) сўзи билан бошлади ва олқишларга сазовор бўлди.

Кейин президент Ҳиндистон тарихидаги муҳим лаҳзаларни ёдга олди - қадимий даврлардан тортиб крикет ва Болливуд замонигача. У шундай деди: «Ҳиндистон ҳамиша менинг қалбимда алоҳида жойга эга бўлади».

Трамп ҳиндлар қаршисига Элтон Жон мусиқаси садолари остида чиқиб келди

Трамп Моди ҳақида илиқ фикрлар билдирди: «Уни барча севади, аммо мен айтишим керакки, у мураккаб шахс. Сиз нафақат Гужарот фахрисиз, балки ҳиндлар қийинчиликларни енгиб ўтиб ўз мақсадига эриша олишининг жонли тимсолисиз».

Шу билан биргаликда, Трамп одатдаги каби айрим атамаларни талаффуз қилишда хатоларга йўл қўйди. Бу сафар у Аҳмадобод шаҳри номини тўғри айта олмади, шунингдек, ҳинд файласуфи Свами Вивекананданинг номини айтишга қийналди. Ҳиндларнинг қадимий диний матнлари бўлмиш Ведалар эса унинг тилида «Весталар» бўлиб янгради.